Москвада дрон ҳужуми ва теракт оқибатини ёритиш тақиқланди
Москва шаҳри маъмурияти террор ҳаракати ва учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар) ҳужумига доир матн, фото ва видео материални оммавий равишда эълон қилишни чеклади. Пойтахт мэрияси расмий сайтида эълон қилинган бу қарор Аксил террор комиссия томонидан тасдиқланган.
Чекловдан кўзланган асосий мақсад ёлғон маълумот тарқалишининг олдини олиш ҳамда хавфсизликни таъминлашдан иборат. Янги тартибга кўра, Россия Мудофаа вазирлиги, Москва мэрияси ёки шаҳар мэри Сергей Собяниннинг расмий манбаларида тасдиқланмаган ҳар қандай ахборотни тарқатиш қатъиян ман этилади. Ушбу тартиб давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари, тезкор хизмат ходимлари билан бир қаторда оддий фуқароларга ҳам тааллуқли.
Ҳужжат дрон ва бошқа қуроллар ёрдамида амалга оширилган ҳужум оқибати, муҳим инфратузилма объектига етказилган зарар, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатни тасвирга олиш ва тарқатишга нисбатан тақиқни назарда тутади. Мазкур тартиб алоҳида қарор қабул қилингунга қадар амалда бўлади.
Ушбу қоидани бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди: фуқаролар учун 3 000-5 000 рубль, мансабдор шахслар учун 30 000-50 000 рубль, юридик шахслар учун 50 000-200 000 рубль (тахминан 2 700 доллар) жарима.
Сўнгги маълумотга кўра, Москва йўналишида ҳаракатланган тўртта учувчисиз учоқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан зарарсизлантирилган. Янги қоида айнан шу каби ҳолатлар ортидан келиб чиқадиган ахборот оқимини назорат қилишга қаратилган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА