МОҚда велоспорт муҳокама қилинди
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида режага биноан "Токио-2020" якунлари, "Ханчжоу-2022" ва "Париж-2024" ўйинларига тайёргарликка бағишланган йиғилишлар давом этмоқда.
Шундай муҳокамалардан бири Ўзбекистон велоспорт федерацияси вакиллари билан ўтказилди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси мутасаддилари, фахрийлар, қишки ва мураккаб турлар бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиллари қатнашди.
Велоспортчиларимизнинг олимпиададаги иштироки, тайёргарлик жараёни, спорт турининг оммавийлигини таъминлаш муҳокама қилинди. 2019 йили Тошкентда велошоссе бўйича ўтган Осиё чемпионати, спортчиларимизнинг 2 та олимпия йўлланмасини қўлга киритгани айтилди. Мавжуд муаммолар ҳақида кескин мулоҳазалар билдирилди. Баъзи вилоятларда ҳанузгача велоспорт федерацияси бўлими ташкил этилмагани, моддий-техник база талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Муҳокама жараёнида велоспортни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган қарори мазкур спорт йўналишини оммалаштириш, унинг ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида дастуриламал бўлиши уқтирилди.
Т. Рўзиев,
ЎзА