Мўлжалдаги “кумуш тола” олинади
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 12 февралида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида пиллачилик соҳасида фойдаланилмаётган имкониятлардан фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириқлар берилган эди.
Ҳозирги кунда Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги ва туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан пиллачиликни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудда 2024 йил пилла ҳосили учун 2 минг 640 қути, яъни 156 тонна пилла хомашёси етиштириш белгиланган. Бунинг учун жойлардаги 243 та фермер хўжалиги ва пиллачиликка ихтисослашган тармоқ корхоналари билан ўзаро шартномалар тузилган. Фермер хўжаликлари билан 1 минг 980 қути, касаначилар билан 660 қути пилла парвариши бўйича шартнома имзоланган.

Баҳор мавсумида якка қатор тут кўчатлари экиш ва эскирган тутзорларни тартибга келтириш мақсадида туманда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳам бошланган. Жумладан 291 минг туп тут кўчати экилди. Шундан, 191 минг туп якка қатор тут ва 100 минг туп эскирган тутзорлар қайта реконструкция қилинди. Ўз навбатида мазкур тармоқда аҳоли бандлигини таъминлаш учун 57 маҳалладаги пилла боқиш истагини билдирган пиллакорлар билан қўшимча шартномалар тузилмоқда.

– Бу мавсумда ҳам 6 қути пилла уруғи олдик, – дейди Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Мавжуда Ўтаганова, – Аслида ҳар йили пилла ҳосилини белгиланган режадан ошириб бажарганмиз. Бунинг учун бизга бириктирилган фермер хўжалиги барча шароитларни яратиб берди. Уч нафар келиним ва мен шу иш билан бандмиз. Фақат шу билан чекланмай томорқамиздаги иссиқхонада йил бўйи турли сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Пилладан олган даромадимиз ҳам ҳар доим яхшигина бўлади.

– Бугунги кунда пилла етиштириш учун 148 гектар майдондаги тутзорлар бор, – дейди туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бекзод Ҳайдқулов. – Хатлов якунига кўра, 2024 йил тайёрланадиган пилла ҳосили учун 2 минг 640 қути хорижий ипак қурти уруғи ва 166 тонна пилла ҳосили учун контракция шартномалари тузилди.


Таъкидлаш лозимки, 2024 йил мавсуми учун “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси етиштириладиган пиллаларнинг тавсиявий харид нархларини эълон қилган. Унга кўра, 1 килограмм ўртача тирик пилланинг харид нархи 40 минг сўм деб белгиланган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири