Молдова расман МДҲдан чиқди
Апрель ойи бошида Молдова парламенти МДҲ шартномаси, ташкилотнинг протоколи ва Низомини денонсация қилиш учун овоз берган эди.
Молдова Президенти Майя Санду мамлакатнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) аъзолигидан чиқишини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатни имзолади. Давлат раҳбари фармони ва МДҲ шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қонун расмий газетада эълон қилинди.
Аввалроқ, яъни 2 апрель куни мамлакат парламентида 101 депутатдан 60 нафари ушбу қарорни ёқлаган, Коммунистик ва Социалистик партиялар вакиллари эса қарши овоз берган. Парламент матбуот хизмати “шартнома бекор қилиниши Европа Иттифоқи сари олиб борадиган йўлдаги табиий ва муқаррар қадам” эканини таъкидлади.
Молдова 2022 йилдан бери МДҲ тадбирларида иштирок этмаган, 2023 йил миллий сиёсат ва қонунчиликни Европа стандартига мослаштиришга қаратилган саъй-ҳаракат доирасида мазкур ташкилот билан тузилган тахминан 70 ҳужжатни бекор қилган.
С.Раҳимов, ЎзА