МОХИ раҳбари Корея элчиси билан учрашди
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида меҳмонга МОХИнинг мақсади, вазифаси, шунингдек, институт томонидан хорижий ҳамкорлар билан бирга олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат ва жамиятни модернизация қилиш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсат йўлини юқори баҳолади.
Элчи таъкидлашича, Ўзбекистон ва Кореяни кўп йиллик дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик риштаси боғлаб туради. Бу стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва янада юқори босқичга кўтариш, турли соҳаларда ҳар икки томон учун фойдали лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади.
Шу кунларда Пусан шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” 15-ҳамкорлик форуми мамлакатлар ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Икки мамлакат илмий ва академик доиралари ўртасидаги алоқани фаоллаштириш, жумладан, “Марказий Осиё – Корея Республикаси” формати салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш бўйича келишувга эришилди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА