Модернизация тизимга нима беради?
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан соҳага рақамлаштириш технологиясининг киритилгани бир қатор муаммоларнинг олдини олди.
Вилоятда 290 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчилари истиқомат қилади. Улар табиий газдан муаммосиз фойдаланмоқда. Соҳада истеъмолчилар учун яна бир қулайлик яратилди. Хўш, замонавий икки босқичли тизим аслида қандай қулайлик беради?
– Ушбу амалий жараёндан асосий мақсад табиий йўқотишлар ва тафовутларнинг олдини олиш учун амалга оширилмоқда, – дейди газ таъминоти филиали бош муҳандиси Сирожиддин Авезов.

– Жорий йилда вилоят бўйича 24 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчисининг хонадони уч босқичли тизимдан замонавий икки босқичли тизимга ўтказилди. Газ маромлаш қурилмалари демонтаж қилиниб, “ақлли” ҳисоблагичларга махсус редукторлар ўрнатилмоқда. Жараёнлар давомида ҳар бир истеъмолчига тушунтиришлар берилмоқда. Ҳисоблагичдан мақсадли фойдаланиш, тўловларни эса ўз вақтида амалга оширилиш зарурлиги қайд этилмоқда.

Бухоро тумани ҳудудида истиқомат қилувчи табиий газ истеъмолчилари хонадонларининг аксарияти янги тизимга модернизация қилинди.
Хусусан, Отбозор маҳалласи аҳолиси хонадони ҳам. Маҳалладаги газ маромлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, замонавий ҳисоблагичларга махсус редукторлар ўрнатилди. Айни кунларда жараёнлар туманнинг бир қатор маҳаллаларида давом этмоқда. Таъкидлаш лозим, туман бўйича жорий йилда 5 мингга яқин хонадоннинг табиий газ таъминоти замонавий икки босқичли тизимга ўтказилди.

Бугун рақамлаштириш жараёни асосида иш олиб бориш – давр талаби. Айни шу эҳтиёж билан барча соҳаларда модернизация жараёнларининг жорий этилаётганлиги истеъмолчига қулайлик яратиши баробарида, муаммоларнинг олдини олинишида ҳам асос бўлмоқда. Айниқса, газ таъминотидаги ҳар қандай янгиланиш истеъмолчига қулайлик яратиши билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири