“Мобиль офис” аҳоли хизматида
Ғозғон Навоий вилоятининг энг кенжа шаҳарларидан бири. Ташкил этилганига эндигина бир йил тўлди. Ҳудудда 9 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. 1700 дан ортиқ хонадон мавжуд. Аҳоли асосан тадбиркорлик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ғозғонлик аёллар каштадўзлиги билан ном чиқарган бўлса, эркаклар учун ҳунармандчилик бобомерос касб. Ғозғон мармарини эса бугун бутун дунё билади.
Ҳудуднинг "Мармаробод" маҳалласида давлат хизматлари марказининг “мобиль офис” хизмати аҳоли ва тадбиркорларга сайёр давлат хизмати кўрсатди. Автобусда шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси фуқароларга никоҳ ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни топшириб, аҳолидан 3 та мурожаат қабул қилган бўлса, марказ ходимлари томонидан 8 та давлат хизмати кўрсатилиб, битта оилавий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.

– 45 йилдан буён Ғозғонда яшайман, – дейди Тўлқин ота Эргашев. – Оиламиз билан тадбиркорлик қиламиз. Уйимда мармарга сайқал берувчи кичик цехим бор. Ўғилларим билан бирга нонвойхона ҳам очдик. Бизнесимизни оилавий корхонага айлантиришга келдим. Битта ҳужжат учун ойлаб югурганмиз, камида 8-10 ташкилотга борардик. Биров айтса ишонмасдим, аммо автобусда ўзим оилавий корхонамни давлат рўйхатидан ўтказдим.


ЎзА