Михаил Клешко Осиё чемпионати совриндори
Филиппинда ўтаётган сув спорти турлари бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўз ҳисобига илк медални қўшиб қўйди.
Чемпионатнинг 50 метр масофага чалқанча усулда сузиш мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Михаил Клешко маррага 26.18 сонияда учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, 200 метрга комплекс сузишда Егор Петряков 2:06.01 натижа билан 5-ўринни эгаллаган бўлса, Анастасия Зелинская 800 метрга эркин усулда сузишда 9:17.43 кўрсаткич билан еттинчи поғонадан ўрин эгаллади. Жамолиддин Фахриддинов эса 1 метр баландликдан трамплиндан сакрашда 202.95 балл тўплаган ҳолда 11-ўриндан жой олди.

Манила шаҳрида сув спорти бўйича XI Осиё чемпионатининг бугунги баҳсларида икки нафар ҳамюртимиз – Элдорбек Усмонов ва Михаил Клешко финал босқичига муваффақиятли йўл олди. Аниқроғи, 50 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида Элдорбек 23.16, Михаил эса 23.10 натижа қайд этди. Шунингдек, Э.Усмонов 100 метр масофани баттерфляй усулда 54,49 сонияда сузиб ўтди.

Чемпионатнинг, кечки дастурида яна икки нафар спортчимиз Эгор Петряков ва Анастасия Зелинская ҳам иштирок этади. Эгор 400 метрга комплекс сузишда, Анастасия эса 1500 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича медаль учун курашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА