Мисрда чорвачиликни ривожлантириш тажрибаси ўрганилмоқда
Шу кунларда Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ориф Бўтаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар доирасида делегация Миср Қишлоқ хўжалиги ва ерларни мелиорация қилиш вазирлиги тизимидаги Ал-Амрия сунъий уруғлантириш маркази фаолияти билан танишди. Марказда юқори генетик салоҳиятга эга наслли буқаларни танлаш, уруғ материалини олиш, музлатиш ва суюқ азотда сақлаш, шунингдек, уни сунъий уруғлантириш тизими орқали хўжаликларга етказиш жараёнлари йўлга қўйилган.
Миср Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур марказ фермерларга генетик материал етказиб бериш билан бирга, сунъий уруғлантириш мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, музлатилган уруғ ҳамда суюқ азот таъминоти йўналишларида ҳам фаолият юритади. Мисрда бу йўналиш кенг тармоқ асосида ташкил этилган. Расмий маълумотларда Аббосия, Ал-Амрия, Саха ва Бени-Суэйфдаги тўртта йирик сунъий уруғлантириш маркази модернизация қилингани, қишлоқ ҳудудларида эса 630 дан ортиқ янги сунъий уруғлантириш пунктлари ташкил этилгани қайд этилган.

Ташриф давомида чорвачиликнинг яна бир муҳим йўналиши, озуқа базасини самарали ташкил этиш тажрибасига ҳам эътибор қаратилмоқда. Иссиқ иқлим ва сув ресурслари чекланган шароитда озуқа экинларини етиштириш, силос тайёрлаш, ем-хашакни сифатли сақлаш ва чорва эҳтиёжига мос мувозанатли рацион шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўрганилаётган тажрибаларнинг Ўзбекистон учун муҳим жиҳати шуки, чорвачилик маҳсулдорлигини оширишда генетика, сифатли озуқа, ветеринария хизмати ва замонавий технологияларни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ёндашувидир.

Жумладан, асосий мақсад фақат чорва бош сонини кўпайтириш эмас, балки ҳар бир бошдан олинадиган маҳсулот ҳажми ва сифатини ошириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳисобланади.
Шунингдек, сафар давомида ўрганилаётган амалий ечимларнинг мамлакатимиз шароитига мос жиҳатларидан чорвачиликни ривожлантиришда фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА