Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга қурғоқчилик ва шўрга чидамли чорва озуқаси экилади
Қашқадарё қишлоқ хўжалигининг ўзида қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти бор. Шу мақсадда Жаҳон банки билан Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчилик ва шўрга чидамли чорва озуқаси экиш бошланади.
Бу ишлар Нишон, Ғузор, Муборак, Кўкдала, Косон, Миришкор, Қамаши ва Деҳқонободда олиб борилади. Мазкур туманларда 10 минг бошдан йирик ва 50 минг бошдан майда шохли чорва комплексларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Импорт қилинган чорвани аҳолига сотишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланади.
Ғузор туманида 10 минг гектар ер фойдаланишга киритилади. Ернинг ярмида пахта, қолган қисмида озуқа экинлари етиштирилади. Ерлар деҳқонларга берилиб, кластер тизими йўлга қўйилади.
Ерларни хўжалик айланмасига киритиш учун бир ҳафтада имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш топширилди.
ЎзА