Миш-миш ва ёлғон хабарларга ишонманг
Ипакчилик мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири саналади. Давлат томонидан соҳага берилаётган эътибор ва кўмакдан оқилона фойдаланаётган кластерлар ипакчилик соҳасида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Жойларда пиллакорлар учун барча шарт-шароит яратиляпти. Пилла боқувчи оилаларга тут плантациялари бириктириляпти, тут ўстириш учун ер ажратилганларга бепул тут кўчатлари тарқатиляпти. Тут қатор ораларига сабзавот экиш ёки боғ ташкил қилиш учун имконият тақдим этиляпти.
Ипак қурти боқаётган оилани кластер ёки фермер хўжалиги уруғдан ташқари махсус қоғоз, дезинфекция воситалари, хона ҳарорати ва намлигини мунтазам ўлчаб туриш учун термометр ва психрометр асбоблари билан таъминлаяпти. Пилла боқувчилар билан тузилган ички меҳнат шартномасида, табиийки, ана шундай чиқимлар ҳам ҳисобга олинган.
Фермер хўжалиги билан ипак қурти боқувчиси ўртасида тузилган ички меҳнат шартномасининг 4-бандида “боқувчи” “хўжалик”ка ушбу шартномада кўрсатилган ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида етказиб берилмаган маҳсулот қийматининг 30 фоизи микдорида жарима тўлаши белгиланган. Шартнома тарафлар розилиги билан имзоланган. Бозор иқтисодиёти шароитида бу табиий ҳолат ҳисобланади. Чунки иш берувчи олдиндан қилган сарф-харажатини пилла ҳосилидан чиқариб олади. Шартнома тарафларнинг манфаатларини ифода этувчи ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Бироқ пилла боқиш баҳонасида ер, турли зарурий воситалар олган, лекин берган ваъдасининг устидан чиқмай, пиллачилик меҳнатидан қочиб, мўмай ва осон даромад ортидан қувган инсонлар ҳам йўқ эмас.
Пиллачилик ва қоракўлчилик қўмитаси матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, шу кунларда ижтимоий тармоқларда пилла ўрнига пул топширилаётгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Аслида айрим пилла боқувчилар шартномада белгиланган ҳосилни топширмагани учун жарима тўламоқда.
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси кенг жамоатчиликни айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ана шундай миш-мишу ёлғон хабарларга ишонмасликка чақиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА