Мирзачўлни ўзлаштирган авлод ҳақида янги асар
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан Вилоят ахборот-ресурс марказида ўтказилган адабий-маърифий тадбир нафақат янги китоб тақдимоти, балки тарихий хотирани тиклаш, авлодлар меросини қадрлаш ва миллий ўзликни англашга қаратилган муҳим маънавий мулоқот майдонига айланди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, тажрибали ижодкор ва давлат арбоби Собиржон Усмонов қаламига мансуб “Сирдарё ёшлари Мирзачўлни ўзлаштиришда” номли китоб ана шу жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Асар ўқувчиларни юртимиз тарихининг ўзига хос ва ўта масъулиятли даври — Мирзачўлни ўзлаштириш жараёнига чуқур назар ташлашга ундайди. Унда мазкур улкан ижтимоий-иқтисодий жараён фақат рақамлар ёки расмий маълумотлар орқали эмас, балки инсон тақдирлари, меҳнат фидойилиги ва жасорат намуналари орқали ёритилгани билан қимматлидир.

Китобда 1963 йил — Сирдарё вилояти ташкил этилган даврдан бошлаб, 2000 йилларгача бўлган вақт оралиғида ҳудудда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, чўлни боғу роғларга айлантиришдек машаққатли жараёнларда иштирок этган ёшлар, мутахассислар ва фидойи инсонларнинг ҳиссаси бадиий-публицистик услубда очиб берилган. Муаллиф тарихий воқеликни архив ҳужжатлари, шахсий хотиралар ва гувоҳлар фикрлари билан асослаб, асарнинг ишончлилигини янада мустаҳкамлаган.
Тақдимот маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раҳбар ходимлари, ўша даврларда фаолият кўрсатган меҳнат фахрийлари, муаллиф билан бирга ишлаган касбдошлар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар муаллифнинг ижодий фаолияти, унинг ҳаёт йўли ҳамда китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдириб, асарнинг тарбиявий ва маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидлаш жоизки, Собиржон Усмоновнинг “Дил чизгилари”, “Дийдор ғанимат”, “Сизга насиб”, “Ёднома”, “Ёднома–2020”, “Умр учқунлари”, “Об историях отдельных личностей”, “Ўзбекистонликлар фашизмга қарши жангларда”, “Мирзачўлда қолди излари”, “Бир суҳбат тарихи” каби қатор асарлари китобхонларга яхши таниш. Унинг Тошкент шаҳрида “Муҳаррир” нашриёти томонидан чоп этилган “Мирзачўл авлодлар ёдида” номли китоби ҳам кенг жамоатчилик эътиборини қозонган. Янги нашр этилган 326 бетлик мазкур асар эса нафақат ҳажман, балки мазмун жиҳатидан ҳам бой бўлиб, Мирзачўлнинг, хусусан Сирдарё вилоятининг кеча ва бугунги тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилади.
Китобда келтирилган тарихий ҳужжатлар, жумладан, 1867 йилда Чор Россияси таркибидаги Сирдарё области харитаси ҳамда 1910 йилларга оид маълумотлар ўқувчига ўша давр манзарасини аниқ тасаввур қилиш имконини беради. Бу эса асарнинг илмий-тарихий қимматини янада оширади.
Айниқса, ушбу китобнинг яратилишида муаллифнинг бой ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин тутган. Бир вақтлар вилоят ҳокими ўринбосари, Сирдарё тумани ҳокими, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари каби масъул лавозимларда самарали фаолият юритган Собиржон Усмоновнинг шахсий кузатувлари ва хотиралари асар мазмунини янада бойитган.
Тақдимот давомида адабиётшунослар, журналистлар, нуронийлар ва ёшлар иштирокида китобнинг илмий, маънавий ва тарбиявий аҳамияти, шунингдек, унинг бугунги ёш авлод учун аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Асарда ёритилган тарихий воқеликлар ёшлар учун ибрат мактаби экани алоҳида таъкидланди.
Хулоса қилиб айтганда, “Сирдарё ёшлари Мирзачўлни ўзлаштиришда” китобининг тақдимоти — бу ўтмишни англаш, бугунни теран идрок этиш ва келажакка ишонч билан қарашга хизмат қилувчи муҳим маънавий воқеа сифатида намоён бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири