Мирободдаги шифохона фаолияти ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Аъзамова ҳамда Миробод туман Кенгаши депутати А.Каримов 3-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонасида бўлди.
Ўрганишлар давомида шифохона кириш фоеси, биринчи қавати ҳамда иккинчи қаватининг ярми таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, бу эса беморлар ва ташриф буюрувчиларга салбий таъсир кўрсатаётгани аниқланди.

Мавжуд ҳолатдан келиб чиққан ҳолда шифохона раҳбари "Ташаббусли бюджет"нинг биринчи мавсумида иштирок этишини маълум қилди. Шу билан бирга, жараёнларда ғолиб бўлмаган, бироқ ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳалар орасидан қўшимча ғолибларни танлаш ваколати доирасида шифохонани таъмирлаш учун маблағ ажратишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилди.

Шу куннинг ўзида депутатлар тумандаги 213-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишди. Учрашувлар чоғида Баротхўжа, Баёт ва Қўйлиқ ота маҳалласи фуқаролари, нуронийлар ҳамда хотин-қизлар томонидан муҳим ижтимоий ташаббус илгари сурилди. Хусусан, мактаб ҳудудида мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш, шунингдек, мактабга туташ ҳудудда мавжуд бўш ер майдонида болалар ўйин майдончаси қуриш таклифлари атрофлича ўрганилди.
М.Комилова, ЎзА