Миришкорлар шўрланган ерда буғдой парваришламоқда
Бухоро вилоятида “Агробанк” филиали ташаббуси билан фермерлар ўқуви ташкил этилди.
Унда маҳаллий иқлим шароитида шўрланган ердан баракали буғдой ҳосили етиштиришнинг илмий асосланган инновацион усуллари ўзлаштирилаётгани ҳақида сўз борди. Бугун дон майсаларини туплаш, “панжалаш” ва “найча”лаш каби парваришлаш босқичларига жиддий эътибор қаратмаган фермер хўжалиги ҳосилдан умид қилиши мумкин эмас.

— Ғалла парваришида Олот, Қоракўл, Жондор ва қисман Ромитан туманларида фермер хўжаликларининг умумий 23 минг 326 гектар контурларини озиқлантириш, дала бошига маҳаллий ўғит етказиб бериш каби тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти масъул ходими Абдухалил Менглиев. — Деҳқон –миришкорларга яқин кўмакчимиз ва айни пайтда ҳар бир туманга 4 нафардан мутахассис-вакилимизни бириктирганмиз. Бу вазифага 30 та махсус юк автомашинаси, 5 та экскаватор, 20 нафар ишчи жалб қилинган.

— Шу кунларда Жондор туманидаги “Яккатут-пахтачилик, ғаллачилик ва уруғчилик кластери” зиммасида туманнинг ғалла етиштирилаётган далалари билан бирга, чўл массивида 10 минг гектар ердаги буғдой майсалари парваришини кечиктирмаслик, ҳар бир агротехник тадбирида ҳудуддаги 300 га яқин фермер хўжалигига яқиндан кўмаклашиш вазифаси турибди, – дейди мазкур таъминот ва буюртмачи корхона иш бошқарувчиси Убайдулло Каримов. — Мақсад яйловларга туташ экин ерлари тупроқ унумдорлигини ошириш, уларда салмоқли ҳосил етиштиришдир. Туман марказидан 25 километр узоқликдаги “Мохонкўл” массивини олсак, яқин-яқингача бу ҳудуддаги экин ерлари маҳсулдорлиги гектарига 20 центнердан ошмаган. Аммо сўнгги 3-4 йилда олиб борилган тизимли чора-тадбирлар натижасида бу контурлар ҳосилдорлиги 30 центнерга етказилган. Албатта, бу деҳқон, фермер хўжаликлари қаторида бевосита таъминотчи сифатида бизнинг ҳам ютуғимиздир. Турли даражада шўрланган, тошлоқ ва қумлоқ, паст самарадор экин ерларини зарур минерал ва маҳаллий ўғит киритиб тўйинтирилаётгани, қишки чилла сувига қондирилаётгани, сув тақчиллиги боис баъзи контурларга замонавий томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга киришилгани ана шу муваффақият омили бўлмоқда десак, муболаға эмас.
Айни кунларда “Яккатут-пахтачилик, ғаллачилик ва уруғчилик кластери” айнан “Мохонкўл” ва бошқа чўл массивларида умумий майдони 1 минг 200 гектар экин ерни очиш ва ўзлаштириш ишларига киришган. Шундан 670 гектарда баракали ғалла ҳосилини етиштириш кўзда тутилган. Ҳозирда эса ҳудудда кластерга тегишли қудратли техника ва механизмлар кучидан унумли фойдаланилаётганини кўриш мумкин. Мутасаддилар билдиришича, айни пайтда Россиянинг Краснодар ўлкасидан “Эланчик” суперэ лита нави синовдан ўтказилаётган бўлиб, чўл шароитида гектаридан 60 центнерга етказиб ҳосил олиш тажрибаси ўзлаштирилмоқда.

Худди шу каби тизимли чора-тадбирларни айни кунда “Бухородонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона томонидан бугунга келиб Бухоро, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон каби туманларда фаолият юритаётган мингдан ортиқ фермер хўжалиги тасарруфидаги 25 минг 900 гектар майдонда етиштирилаётган ғалла ҳосилига яқиндан кўмаклашилмоқда. Ҳар 1 минг гектар ғалла контурига бир мутахассис-агроном бириктирилган бўлиб, зарур агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли адо этишга эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, таъминотчи субъектга қарашли ўнлаб техника шу кеча-кундузда жойларда фермер хўжаликларига минерал ва маҳаллий ўғит ташишда қўл-қанот бўлмоқда.
Ғалла майдонларида талаб этилаётган агротехник тадбирлар, майсаларни суспензиялаш, “шарбат”лаб суғориш каби ишларда қатор илғор фермер хўжаликлари пешқадамлик қилмоқда.
Вилоятда қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим агротехник тадбири давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА