Мираки сайёҳларнинг энг севимли масканига айланади
Бутун дунёда туризм энг сердаромад соҳа ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишда кейинги йилларда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, бу ўлкамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилмоқда.
Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил ноябрдаги тегишли қарорига асосан вилоятнинг Шаҳрисабз туманида “Шаҳрисабз” ва Қамаши туманида “Майданак” баланд тоғ туристик марказларини ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланган.
“Шаҳрисабз” туристик маркази учун тумандаги сўлим табиатли, тоғ бағрида жойлашган Мираки маҳалласи танлаб олинган.
Қарор ижроси доирасида ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган йилнинг ўзида ҳудудда осма кўприк, селфи майдонлари ва зиплайн ташкил этилди. “Ҳисорак” сув омбори ҳудудида катерларда саёҳат хизмати йўлга қўйилди. Бу эса ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошишига замин яратди.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил давомида вилоятга 550 минг нафар хорижий ва 2 миллион нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, шундан 50 минг нафар хорижий ва 420 минг нафар маҳаллий сайёҳлар айнан Шаҳрисабз туманига ташриф буюрган.
Туризм маҳалласи номига сазовор бўлган Мираки маҳалласида амалга оширилган ўзгаришлар таҳсинга лойиқ. Замонавий меҳмонхоналар, шинам хостеллар, дор йўллари, умумий овқатланиш объектлари барча-барчаси хорижий тажриба асосида барпо этилмоқда.
– Икки йил олдин келгандим Миракига, бугун келиб шаҳарчани умуман танимай қолдим, – дейди Қарши туманилик Мадина Пардаева. – Айниқса, “Ҳисорак” сув омбори атрофидаги кўнгилочар масканлар кишига ўзгача завқ бағишлайди. Оилавий маза қилиб айланяпмиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрдаги “Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Шаҳрисабз” ва “Майданак баланд тоғ” туристик марказларини ривожлантириш ҳамда бошқариш учун давлат муассасаси шаклида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти ташкил этилди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Туризм департаменти назорати остида тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари лойиҳалари мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, “Шаҳрисабз” туристик маркази ҳудудида иккита 300 ўринли меҳмонхона, 300 ўринли 1 қаватли 3 та хостел ҳамда 1 та ресторан, спорт зал ҳамда болалар майдончаси қурилиши олиб борилмоқда ва ишлар айни пайтда якуний паллага кирган. Шунингдек, савдо ва кўнгилочар комплекслари ва ресторанлар лойиҳасига асосан 2 қаватли бино қуриб битказилган. Қурилиш ишлари 60 фоизга бажарилган. Ҳозирда бинонинг ички деворлари терилмоқда.
Бундан ташқари, “Шаҳрисабз” туристик маркази ҳудудидан дор йўли, автотураргоҳ, замонавий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш мажмуасини ташкил этиш белгиланган лот учун 1,3 гектар ер майдони аукцион орқали харид қилинган. Бугунги кунда дор йўли учун ер ишлари ҳамда 7 та устунда қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу йирик лойиҳаларнинг барчаси тижорат банклари буюртмачилигида амалга оширилмоқда ва келгусида тадбиркорлик субъектларига сотилади.
– “Шаҳрисабз” туристик маркази ҳудудида мастер-режага асосан 10 километр узунликда саломатлик, пиёдалар ва вело йўлаклар қуриш ишлари олиб борилиши ҳам белгиланган, – дейди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти директори ўринбосари Жавоҳир Тожиев. – Бугунги кун ҳолатида Мираки маҳалласини оралаб оқиб ўтган дарёнинг ҳар икки томонида 9 минг 750 метр узунликда пиёдалар ва вело йўлак, 9 минг 102 метр узунликда йўлак панжаралари, 500 дона тунги ёритиш чироқлари, 2 та 11 та устунли алея қурилиш ишлари бажарилган. Дарё бўйлаб 3 та 20 метрлик кўприкдан 2 таси, 2 та 35 метрлик кўприкдан 1 таси ва 1 та 44 метрлик кўприклар ўрнатилди.
Туризм маҳалласининг қайта чирой очишида маҳаллий тадбиркорларнинг ҳам ўрни катта. Жумладан, Шаҳрисабз туманида туристик марказ ташкил этиш учун 240 гектар ер майдони танланган бўлса, шундан 81,07 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқариш учун 30 дан ортиқ лотларга бўлинган. Мастер-режа бўйича 17 та лот (21,2 гектар) “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштирилган. Шундан 12 та лот (16,8 гектар) ер участкалари аукцион савдоларида 11 миллиард 172 миллион сўмга савдога чиқарилган бўлиб, 15 миллиард 671 миллион сўмга тадбиркорларга сотилган. Мастер-режага мувофиқ, 12 та лотнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Албатта туристик марказга инвесторларни жалб этиш учун энг аввало ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини етказиб бериш, кўчириш ҳамда зарур инфратузилмани яратиш керак бўлади. Шу боис Мираки маҳалласига олиб борувчи йўллар талаб доирасида мукаммал таъмирланмоқда. Электр таъминоти яхшиланмоқда.
[gallery-21677]
– “Мираки” маҳалла фуқаролар йиғинида коммуникация соҳасини ривожлантириш бўйича туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳозирги кунгача 125 дона темир бетон устунлар олиб келинди, – дейди Шаҳрисабз туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Яшнар Васиев. – 15 километр ҳаво линиясини алмаштириш учун сип-кабеллар ҳам олиб келтирилган. Ҳозирги кунда эскирган электр устунларни янгисига алмаштириш, ҳаво линияларини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллага қўшимча 1 дона 160 кВалик трансформатор ҳам ўрнатилиб ишга туширилди.
Хулоса қилиб айтганда, Мираки маҳалласи яқин бир икки йилнинг ичида сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари