Минтақавий вакил ишчилар билан учрашди
“Қизиқумцемент” АЖда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари, асосий принциплари, Омбудсманнинг минтақавий вакилига мурожаат қилиш усуллари, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби, улар кўриб чиқилишида вакилнинг ҳуқуқлари тўғрисида тўхталиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Омбудсманнинг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган, – дейди Ш.Жўраев. – Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” ташкил этилган. Айни пайтда “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар тўғрисида аҳолини, айниқса, аёллар, ёшлар, кексаларни ўз вақтида ва тўлақонли хабардор қилиш, қонунчиликда яратилган имкониятлар, имтиёзлар ва улардан фойдаланиш усуллари ҳақида маълумотлар берилмоқда.

– Бугунги тадбир ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди “Қизилқумцемент” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Бахтиёр Бобоназаров. – Корхонамиз ходимларига маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ишчи-ходимларга имтиёзли пенсия тайинлаш, болалар нафақаси, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ажратиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиши, иш ўринлари яратиш учун субсидиялар ва кредитлар ажратилиши тартиби, янгиланган Меҳнат кодекси, ундаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди. Бундай учрашувларни кўп минг сонли ишчи- ходимлар меҳнат қилаётган корхонанинг ҳар бир цехи ва меҳнат жамоаларида мунтазам ўтказишга келишиб олдик.
А.Бўриев,
ЎзА