Минтақавий шахмат: Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг биргаликдаги “юриши” (+видео)
Каспий денгизи ортидаги Озарбайжон бугун шунчаки Жанубий Кавказ давлати эмас. У Марказий Осиё билан Европа ўртасидаги транспорт йўлаклари, савдо алоқалари ва минтақавий дипломатияда муҳим бўғинга айланмоқда.
Айниқса, бу жараёнда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари икки томонлама ҳамкорлик доирасидан чиқиб, кенг минтақавий манфаатлар билан уйғунлашиб бораётгани диққатга сазовор. Эътиборлиси, мамлакатларимизнинг географик жойлашуви, иқтисодий салоҳияти ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари ўзаро бир-бирини тўлдиради.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг йирик бозорларидан бири, муҳим ишлаб чиқариш ва транзит салоҳиятига эга давлат сифатида минтақавий иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Озарбайжон эса Каспий денгизи орқали Марказий Осиёни Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа билан боғловчи стратегик кўприк вазифасини бажармоқда.
Айнан шу жиҳат икки ўлканинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Марказий Осиё бўйича мутахассис, сиёсий фанлар доктори, профессор Ойбек Сирожов билан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати, икки мамлакатнинг минтақавий сиёсатдаги ўрни ҳамда транспорт-логистика, савдо-иқтисодий ва дипломатик ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида суҳбатлашдик.
Кўрсатувни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Мусулмон Зиё,
Дониёр Ёқубов (видео),
ЎзА