Миннатдорлик туйғуси билан
Виктор Николаевич она тилимизга ҳурмат билан қарайдиган, ибратли миллий фазилатларимизни миннатдорлик билан эътироф этадиган меҳридарё инсон.
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор ПАК яхшиликнинг қадрига етадиган, эзгуликка хайрихоҳ, қалби аллақачон ўзбеклашиб кетган ҳамюртларимиздан.
Виктор Николаевич она тилимизга ҳурмат билан қарайдиган, ибратли миллий фазилатларимизни миннатдорлик билан эътироф этадиган меҳридарё инсон.
– Бугунги синовли кунларда ўзбек халқининг қандай миллат экани яна бир карра жаҳонга намоён бўлмоқда, – деди Виктор Пак. – Аслида, қадимдан ўзбек халқи саховатли, бағрикенг саналган. Қўни-қўшниларга, муҳтожларга ёрдам қўлини узатиш ўзбекларнинг қон-қонида бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланиб, эндиликда тобора кенг қулоч ёзаётган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати эндиликда жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон бўйлаб тобора авж олаётгани қувонарлидир.
Бугунги кунда барча тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар ушбу ҳаракатга қўшилишни ўзининг ҳам фуқаролик, ҳам чин фарзандлик бурчи, деб билмоқда. Имкони бор барча ҳамюртларимиз бу эзгу ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
Президентимизнинг барча хавфни олдиндан кўра туриб, тезкор, амалий, қатъият билан кўрган чоралари сабаблигина давоси номаълум бўлган дарднинг олди олинмоқда. Айни пайтда шифокорларимизнинг қаҳрамонлиги, Миллий гвардия, ҳарбийлар, ички ишлар, йўл-патруль хизмати, фавқулодда ҳолатлар бўйича соҳа мутахассисларининг фидойилиги, халқимизнинг сабру қаноати хавфли касаллик балосини енгишда муҳим омил бўлмоқда.
1937 йилда собиқ шўролар даврида корейс халқи бу ерларга мажбурий олиб келинган эди. Оғир дамларда биринчи бўлиб ёрдам қўлини узатган ҳам, бир бурда нонини биз билан баҳам кўрган ҳам ўзбек халқи бўлди. Бу яхшиликни биз ҳамиша чексиз ҳурмат ва миннатдорлик билан ёдда сақлаймиз.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон бошига мусибат тушган қанча-қанча болаларни ўз бағрига олди. Ҳолбуки, уларнинг биронтасиям болалар уйида қолиб кетмади. Бари ўзбек хонадонларида, оилаларда камолга етди.
Ҳозирги синовли кунларда ўзбек халқининг бу фазилати бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда.
Кўп миллатли мамлакатимизда корейслар ҳам аҳил ва ягона оила фарзандларидек истиқомат қилаётир. Уларнинг кўпчилиги ўзбек тилини яхши билади. Ўзбекона қадриятлар, анъаналарга алоҳида ҳурмат билан қарайди.
Фарзанд таълим-тарбиясини устувор билган юртимизда – жонажон Ўзбекистонимизда жаҳонда биринчилардан бўлиб он-лайн мактаблар, теледарслар ташкил этилди. Айтишгагина осон бўлган бу жиҳат аслида жуда катта ва эзгу, савобли саъй-ҳаракатдир. Ушбу теледарслардан бугун миллати, тилидан қатъи назар, барча болалар бирдек баҳраманд бўлмоқда. Ваҳоланки, дунёда IT соҳаси илгарилаб кетган давлатлар ҳам бор-ку. Лекин Ўзбекистоннинг болалар учун биринчилардан бўлиб он-лайн машғулотлар жорий этгани ота-оналар, ўқувчилар, устозлар, юртимиз ва халқаро жамоатчиликда юксак баҳоланмоқда.
Халқимизнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги бугунги синовли кунларни муносиб тарзда енгишга имкон бераяпти. Зеро, Президентимиз томонидан кўрилаётган тезкор, узоқни кўзловчи, кучли ижтимоий ҳимояга йўналтирилган амалий чоралар юртдошларимизнинг кўнглини кўтарди. Дунё миқёсида юксак эътироф этилмоқда.
ЎзА мухбири
Назокат УСМОНОВА
ёзиб олди