Минглаб касбдошлари орасидан танланган “Йил ўқитувчиси”
Мотивация! Ўқитувчилик ҳаётдаги энг улуғ, энг зарур, энг шарафли ва шу билан бирга, машаққатли ва савобли касблардан. Устоз-мураббий зоти борки, улар туфайли инсоният онгу тафаккури шаклланади, бойитилади, бутун борлиқ, оламнинг сир-асроридан воқиф бўлинади.
Мурғак қалбларнинг онги-шуурига илк сабоқларни сингдириш, илк бор ҳарфларни танитиб, ҳаёт ва табиат ҳақидаги тасаввурларни уйғотишда бошланғич синф ўқитувчиларининг меҳнати ва машаққати алоҳида ўринга эга. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида, унинг жамиятда ўрин топишида, қайсидир касб-ҳунарга қизиқишида биринчи устозининг ҳиссаси муҳим.

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, бу йил биринчи бор ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танлови ғолибларидан бири - Марҳабо Сайдуллаева ҳам жажжи болажонларнинг илк саводини чиқаришга бел боғлаган, ёш ва ғайратли, фидойи устозлардан.

— Педагоглик соҳасида 10 йилдан буён фаолият юритиб келяпман, — дейди “Йил ўқитувчиси” Марҳабо Сайдуллаева. — Бу вақт мобайнида мамлакатимизда юртбошимиз томонидан педагогларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда бир қатор ютуқларга эришдим. Хусусан, аттестация жараёнларида иштирок этиб, олий тоифа ҳамда 70 фоизлик устамага эга бўлдим. Вазир жамғармаси ҳисобидан бериладиган устамани қўлга киритдим. Ўз йўналишимда миллий сертификатга эга бўлиб, 50 фоизлик устамага ҳам эга бўлдим. 2021 йилда мамлакатимиз мустақиллиги арафасида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу йил эса “Йил ўқитувчиси” танловида қатнашиб, мутлақ ғолиб бўлдим ва 616 миллион сўм мукофотни қўлга киритдим.

“Йил ўқитувчиси” танлови 3 босқичда ташкил этилиб, биринчи саралаш босқичида 46 мингдан зиёд педагоглар орасидан 624 нафари, яъни ҳар бир тумандан энг юқори натижа кўрсатган 3 нафар педагог саралаб олинди. Иккинчи босқичда педагогларнинг ўз фани бўйича дарс ўтиш маҳорати синовдан ўтказилди ҳамда ҳакамлар ва педагоглар томонидан баҳоланди. Унда энг яхши натижа кўрсатган 2 нафар иштирокчи охирги босқичда қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритдик.
Сўнгги босқичда педагогларнинг маънавий-маърифий йўналиш бўйича қилган ишлари ҳамда китобхонлиги синовдан ўтказилди. Якуний натижага кўра юқори баллни қўлга киритиб, ғолиблик насиб этди.

Таъкидлашим лозимки, сўнгги йилларда биз - педагогларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, кенг имконият ва имтиёзлар берилаётгани бизга янада катта куч-ғайрат, шижоат бағишлаяпти. Ўз касбимиздан фахрланиш ҳиссини янада оширмоқда. Ушбу танловда ғолиб бўлганим эса менга янги куч, мотивация берди, — дейди Марҳабо Сайдуллаева.
Дарҳақиқат, бугун жамиятда ўқитувчи касбининг мақомини, обрўсини ошириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш давлат сиёсати даражасидаги масалага айланди. Ана шундай ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром Марҳабо Сайдуллаева сингари устоз ҳамда мураббийларга янги марраларни эгаллашга шижоат бағишламоқда.

Марҳабо Сайдуллаева ўтган ўқув йилида Президентимиз ташаббуси билан Туркия давлатида малака ошириб қайтди. Унинг ўқувчилари ўз ёши доирасида турли фан олимпиадалари ва танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бошланғич синф битирувчилари орасида “Жасорат” мактаби ва турли ихтисослашган мактабларга ўқишга кирган ўқувчилар талайгина.

Бугун “Йил ўқитувчиси” деган шараф, минглаб касбдошлари орасидан танлангани, давлатнинг эътибори Марҳабо Сайдуллаевани ўз касбида янада маҳоратли бўлишга, бундан-да юксак марраларни забт этишга чорламоқда. Келажагимиз эгаларига илк сабоқларни бериш, уларнинг илк саводини чиқаришдек машаққатли касбнинг фидойиси бўлиш эса ҳар бир педагогдан катта маҳорат ҳамда ватанпарварликни талаб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА