Мингбулоқлик ғаллакорлар маррани забт этди
Яхши ниятлар билан барака уруғини қадаган деҳқонлар машаққатли меҳнатлари самарасини кўрмоқда. Алоҳида шижоат кўрсатган Мингбулоқ тумани миришкорлари Наманган вилоятида биринчи бўлиб, дон топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.
Дон қабул қилиш масканларига режада белгиланган 22 минг 303 тонна сифатли дон топширилиб, улкан хирмон кўтарилди. Жорий йил туманда 308 фермер хўжалиги томонидан 8 минг 901 гектар дала майдонларига бошоқли дон экилиб, парвариш қилинди. Агротехник тадбирлар илмий асосларга таянган ҳолда сифатли тарзда бажарилди. Йиғим-терим мавсумига 54 ўрим отряди шакллантирилиб, уларга 54 дона юқори унумли дон ўрим комбайни, 270 дона дон ташиш техникаси, 11 кўчма устахона ва 10 дона ёқилғи ташиш техникаси бириктирилди.

– Туманимиздаги “Сабрақум замини”, “Иномжонов Исмоил”, “Ятраз”, “Оқ дона мардони”, “Мингбулоқ порлоғи”, “Саидали ҳожи”, “Бахтиёр Абдусаломович” сингари илғор ва пешқадам фермер хўжаликлари ҳар гектаридан 80-85 центнердан ҳосил кўтариб, зафар маррасига салмоқли улуш қўшдилар, – дейди, Мингбулоқ тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Мўйдинов. – Қувонарлиси шундаки, бундай азамат фермерлар туманимизда талайгина.

Айни кунларда туман далаларида ўрим-йиғим ишлари авжида. Ҳисоб-китобларга кўра, 30 минг тоннадан ортиқ ҳосил фермерларнинг ўз ихтиёрида қолади. Бу уларнинг хўжалик аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш, янги техникалар сотиб олиш, фаолиятларига янги агротехника усулларини жорий этиш каби имкониятларини кенгайтиради.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.