Миллий тиббиёт маркази трансплантолог-жарроҳлари Озарбайжонда
Жарроҳларимизнинг хорижий стажировкаси беморларга қандай имкониятлар беради?
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, юқори технологик ва мураккаб операцияларни ўзлаштириш ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган эътибор ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказларимиз хориждаги нуфузли илмий-клиник муассасалар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, мутахассисларнинг малакасини ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида Миллий тиббиёт марказининг малакали трансплантолог-жарроҳлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳридаги машҳур Мустафо Топчубашов номидаги Илмий хирургия марказида малака оширишни бошлади.
Мазкур амалий ташриф ва стажировка давомида юқори технологик жарроҳлик ва трансплантология йўналишларидаги илғор халқаро тажрибаларни чуқур ўрганмоқда. Шунингдек, озарбайжонлик етакчи ҳамкасблар билан бевосита амалий мулоқотда бўлиб, мураккаб операцияларни ўтказиш бўйича ўзаро тажриба алмашилмоқда.
Малака ошириш дастури доирасида Миллий тиббиёт маркази мутахассислари Озарбайжоннинг таниқли ва етакчи жарроҳи, профессор Қурбонхон Муслимов билан учрашди. Самимий ва ишбилармонлик руҳида ўтган мулоқот чоғида трансплантология ҳамда замонавий хирургия соҳасидаги янги ёндашувлар, илғор клиник амалиётлар ҳамда илмий-амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Бу каби халқаро ҳамкорлик ва мақсадли стажировка дастурлари тиббиёт мутахассисларининг касбий билим ва кўникмаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Энг муҳими, хорижда орттирилган илғор тиббий тажрибалар ва замонавий усуллар тез орада амалиётга жорий этилиб, юртимизда оғир хасталикка чалинган беморларга кўрсатиладиган юқори малакали тиббий ёрдам сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА