Миллий терма жамоамиз Нидерландияга ютқазди
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Нидерландия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида кечди. Бироқ тайм ўрталарига келиб нидерландиялик футболчилар ташаббусни ўз қўлларига олди ва қатор хавфли ҳужумлар уюштирди.

Натижада 30-дақиқада ҳимоячимиз Жаҳонгир Ўрозов ўз жарима майдони ичида Крисенсио Саммервиллга нисбатан қоида бузди ва бош ҳакам пенальти белгилади. 32-дақиқада Коди Гакпо ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди — 0:1.
Биринчи бўлимнинг қолган қисмида ҳам вакилларимиз рақиб дарвозаси олдида бир нечта хавфли вазиятлар яратди.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин кескин курашлар остида давом этди. Нидерландия терма жамоаси ҳужумкор ҳаракатларни давом эттирган бўлса, футболчиларимиз қарши ҳужумлардан имконият излади.
Учрашувнинг 85-дақиқасида нидерландиялик ярим ҳимоячи Гус Тил тўпни қўл билан тўхтатгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Бир киши кам бўлиб қолган рақибга қарши босимни кучайтирган терма жамоамиз ўйиннинг қўшимча вақтида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 90+2-дақиқада Нидерландия ҳимоясидаги ноаниқ ҳаракатлардан унумли фойдаланган ҳужумчимиз Игорь Сергеев рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ҳисоб тенглашди.

Афсуски, асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда Абдуқодир Ҳусанов жарима майдончаси ичида рақибга нисбатан қоида бузди. Бу вазиятда белгиланган пенальтини Коди Гакпо аниқ бажарди.
Шу тариқа учрашув 2:1 ҳисобида якунланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида «К» гуруҳида иштирок этади.
Вакилларимиз гуруҳ босқичидаги илк учрашувни Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади. Учрашув мамлакатимиз вақти билан 18 июнь куни соат 07:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА