Миллий табиат боғида кўклам нафаси эсмоқда
Қуёшнинг илиқ тафти Сурхондарё вилоятидаги пурвиқор тоғларнинг қуйи қисмларида оппоқ қорларни эритиб, аста-секин табиатни уйғотмоқда. Мудраб ётган ерларда кўклам нафаси эсаётир. Қиш уйқусига кетган ҳайвонлар бирин-кетин тоғу-тошлар қўйнидан бўй кўрсатмоқда. Қиш чилласи жиддий синовлар билан ўтган Ҳисор тоғининг Сариосиё туманидаги тизмаларида барпо этилган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида кўпаяётган ёввойи ҳайвонлар назоратчилар эътиборига тушди.
Бу ҳақида ЎзАга хабар берган табиат боғи директори Нуриддин Саттаровнинг айтишича, шу кунларда баҳорнинг илиқ тафти эсаётган “Зинчоб” ҳудудида назоратчилар тўнғизлар тўдаси ўтган йилга нисбатан кўпайганини кўришган.

– Жониворлар қўриқловга олингач, ёввойи ҳайвонлар ўзларини эркин ҳис этиб яшашга одатланди, – дейди Нуриддин Саттаров. – Эндиликда улар баланд тоғ қўйнида бемалол ҳаракатланмоқда. Қишнинг совуқ кунлари назоратчиларимиз ҳайвонларни меҳр билан озиқлантираётгани уларнинг хатарли совуқ кунлардан беталафот чиқиши ва кўпайишида муҳим омил бўлмоқда. Кунлар исиши билан жониворлар галаси баланд тепаликлардан пастга тушиб, дарё бўйларидан озуқа излай бошлади.
Мафтункор ўсимлик ва бой ҳайвонот дунёсига эга “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи “Узун” давлат ўрмон хўжалигига қарашли 27 минг 851 гектар тоғли майдонда ташкил этилган.
Йилнинг барча фаслларида табиат шайдоларини ўз бағрига чорлайдиган боғнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида тоғ эчкиси, тўнғиз, айиқ, бўри, қор қоплони, силовсин, олмахон, тулки, жайра, қуён, қизил суғур каби ҳайвонлар, ноёб қушлар, дарёларида қизил форел, маринка балиқлари яшайди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири