“Миллий сувенирлар” фестивали
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Миллий сувенирлар» фестивали бўлиб ўтмоқда. Фестиваль доирасида ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, кўрик-танлови, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.
Наманган тарихи давлат музейида ташкил этилган фестивални вилоят Туризм ва спорт бош бошқармасининг Туризм ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Д.Исроилов кириш сўзи билан очди.
Ички ва ташқи туризмни жадал ривожлантириш, юртимиз фуқаролари ва хорижий ташрифчилар ўртасида мамлакатимизнинг маданий-тарихий меросини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадига қаратилган фестивалда вилоятнинг туман-шаҳарлардаги ҳунармандлар ўзларининг миллий кўргазмалари билан иштирок этмоқда.
[gallery-4475]
Фестивалдан кутилаётган натижа – тадбир иштирокчилари томонидан яратилган миллий сувенирлар савдосини йўлга қўйиш орқали республикамиз музейлари ва маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар тўғридан-тўғри ушбу объектларнинг тарғиботчисига айланади. Бу эса, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, ҳунармандлар бандлигини таъминлашга ҳамда уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Кулол Ҳусанбой Муродов фестивалда ўзининг Ахсикент тупроғидан ясаган эсдалик буюмлари билан қатнашмоқда. Япония, Россия, Белорусь, Ҳиндистон, Хитой, Америка каби давлатлардан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар ва сайёҳлар орқали унинг маҳсулотлари дунё кезмоқда.
– Ҳайратланарлиси, тарихий обиданинг фақат ўнг томонида жойлашган қисмидаги тупроқда ёпишқоқ модда мавжуд, - дейди уста-кулол Ҳ.Муродов. – Шу боис, фақат шу тупроқдан фойдаланамиз. Келгусида катта ҳунармандчилик устахонаси қуриш, ёғочдан ҳам буюмлар ясаш, “Ахсикент” бренди билан футболка ва кепкалар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА