Миллий санъатимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадам
Миллий санъатимизнинг бой тарихи ва ўзига хос хусусиятларини халқаро миқёсда қандай тарғиб этиш мумкин?
Санъат асарларини илмий ўрганиш, уларнинг бадиий ва тарихий қийматини очиб беришда хорижий мутахассислар тажрибасидан фойдаланиш қандай имкониятлар яратади? Айни шу каби саволлар санъатшунослик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш заруратини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтида Япониянинг Теийкё (Teiykyo) университети делегацияси билан бўлиб ўтган учрашув икки мамлакат ўртасидаги илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Учрашув давомида Санъатшунослик институти ҳамда Теикё университети ҳузуридаги Маданий мерос объектларини тадқиқ этиш институти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Япония делегацияси таркибида Теийкё университети президенти Ёшиҳито Окинага, Маданий мерос объектларини тадқиқ этиш институти директори Казуя Ямаучи, профессор Акира Фужисава, доцент Даисуке Саегуса ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича масъул Таичи Осанаи иштирок этди.
Мулоқот давомида маданий мерос объектларини илмий тадқиқ этиш, археология ва санъат тарихи соҳаларида қўшма изланишлар олиб бориш, тажриба алмашиш ҳамда Буюк ипак йўлининг бой маданий меросини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу келишув қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, тадқиқотчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон маданий меросини халқаро миқёсда янада чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА