Миллий санъатимиз рамзлари – турфа рангларда
2022 йил Бухоро шаҳрида “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур анжуман ҳалқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик йўналишлари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлик мактаби анъаналарини асраш ва қайта тиклаш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадини кўзлайди.
Пойтахтимиздаги Ҳунарманд уюшмаси биносида ушбу халқаро фестиваль рамзини танлаб олиш учун ҳакамлар ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди.
Ижодий танловда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги “Миллий PR маркази”, Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ва видеоконференция ёрдамида Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Аввалроқ анжуман рамзини тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилиб, логотип учун очиқ танлов эълон қилинганди. Танловда 27 нафар ижодкор 100 га яқин ижодий иши билан қатнашди. Тақдим этилган асарлар орасидан 3 таси саралаб олинди.
Низомга кўра, логотипда ҳам зардўзлик, ҳам заргарлик белгилари акс этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган эди. Айнан шу шарт ҳайъат аъзолари учун ғолибни аниқлашда қийинчилик туғдирди. Маълумки, бу икки ҳунар халқимиз амалий санъати тури сифатида қадимдан мавжуд бўлиб, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларида ривожланган.
- Ҳар бир ижодий ишнинг зардўзлик ёки заргарлик мактабига хос, миллий урф-одатларимизга уйғун томонини инобатга олдик. Намуналарда баъзи кичик камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бугун саралаб олинган 3 та ижодий иш мукаммал ҳолатга келтирилгач, келаси ҳафта ғолиблар эълон қилиниб, тақдирланади, — деди “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси бўлим бошлиғи Шоҳруҳ Тўйчибоев.
Ўткир Алимов,
Улуғбек Маҳмирзаев