Миллий ривожланишнинг янги босқичи
Давлат раҳбарининг барча нутқ ва маърузалари аҳамиятли мавзуларга бағишлангани боис катта ижтимоий резонансга сабаб бўлади. Аммо халқимиз ҳамиша Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини алоҳида интиқлик билан кутади. Чунки унда жамиятимиз олдида турган салмоқли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маданий вазифалар баён қилинади, яқин келажакда мамлакатда содир бўладиган туб ўзгаришлар хусусида маълум қилинади.
Мурожаатномада баён қилинган фикр ва мулоҳазалар тез орада кишилар турмушида ўз ифодасини топиши ҳам унга бўлган қизиқишни оширади. Галдаги мурожаатнома ҳам ана шундай интиқлик, эътибор ва қизиқиш билан кутиб олинди. Бу йилги мурожаатнома давлат раҳбарининг Олий Мажлисга бешинчи бора йўллаган маърузасидир. Лекин унинг мазмуни ва моҳияти билан чуқурроқ танишсак, у аввалги мурожаатномалардан қатор хусусиятлари билан тубдан фарқланишига амин бўламиз.
Мурожаатноманинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, у нафақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, балки бутун Ўзбекистон халқига ҳам йўлланмоқда. Бундай шаклдаги мурожаат таҳликали даврда давлат ва жамият ҳамжиҳатлигини таъминлаш зарурати бениҳоя ортиб бораётгани билан боғлиқ. Худди шунинг учун ҳам давлат раҳбари ўз мурожаатини “Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, – деган фикрдан бошлаб, “Энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик”, – деган чақириқ билан якунлади. Чунки зиддиятга тўла бугунги кунда ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш учун машаққатли меҳнат қилиш ҳамда тинчлик-осойишталикни асраш зарур бўлади. Ушбу вазифаларни эса давлат ва жамият ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш орқали рўёбга чиқариш мумкин.
Мурожаатноманинг муҳим хусусиятларидан яна бири, унда асосан аввалги даврларда тўпланиб қолган муаммолар хусусида эмас, балки мамлакат олдида турган стратегик вазифалар тўғрисида фикр юритилди. Бу, бир томондан “Ҳаракатлар стратегияси” ва “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар давомида кўплаб ижтимоий муаммоларга ечим топишга муваффақ бўлинганидан, иккинчи томондан эса, мамлакат ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўяётганидан дарак беради. “Эришаётган барча ютуқларимиз, - деб уқдирди давлат раҳбари – инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз”.
Мурожаатномада Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг бугунги босқичида олти стратегик йўналишдаги вазифаларни ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, ҳужжатда таъкидланишича, давр талабларининг ўзи ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни давлат конституциявий мажбурияти сифатида белгилашни, глобал муаммога айланиб бораётган экология, айниқса, сув масалаларини ҳал қилишни, эркин бозор механизмларини жорий қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилашни тақозо қилмоқда. Таълим тизимида фаолият кўрсатаётган мутахассислар сифатида бизни давлат раҳбарининг таълим ислоҳотлари билан боғлиқ ғоялари, айниқса, руҳлантириб юборди.
“Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда, чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”,– деб таъкидлади мамлакат Президенти. Мурожаатномада қайд қилинишича, яқин келажакда ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мактабгача тарбия муассасаларидаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш, мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун шарт-шароитлар яратиш, олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурсларни ҳамда илм-фан ва инновацияларга ажратмаларни кўпайтириш таълим тизими ислоҳотларининг устувор йўналишларига айланади. Таълим тизимига бундай эътибор янада масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.
Президент Мурожаатномасининг яна бир хусусияти шундан иборатки, у инсон қадр-қиммати ва ижтимоий давлат ғоялари билан йўғрилгандир. Ўзбекистонда инсон қадр-қимматини юксалтириш, жамият аъзоларининг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қиладиган ижтимоий давлат барпо этиш кенг кўламли ислоҳотларнинг туб мақсадларидан бирига айланиб бормоқда. Айнан шу боисдан ҳам давлат раҳбари 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номлашни таклиф қилди. Бундан ташқари, келаётган йилда Ўзбекистонда ижтимоий давлат асосларини яратиш масаласи диққат марказида туриши эътироф этилди. “Ижтимоий давлат, деб таъкидлади давлат раҳбари бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”.
Дарвоқе, фақат шу йўл билангина жаҳоннинг етакчи ва ривожланган мамлакатлари сафидан жой олиш мумкин бўлади. Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга мурожаати нафақат жамият олдида турган стратегик вазифаларни белгилаб берди, балки барчани Янги Ўзбекистон сари интилишга ҳам руҳлантирди. Тўғри, мазмунан бой ва кўлами кенг бундай вазифаларни бажариш осон бўлмайди. Лекин давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз”.
Мурожаатномада белгиланган марралар, қўйилган вазифалар барчамиздан уларнинг моҳияти ва кўламини чуқур ҳис этишни, умумижтимоий мақсадлар йўлида фидокорона меҳнат қилишни, хизмат вазифаларини масъулият билан бажаришни талаб қилмоқда.
Дилмурод Набиев,
Қарши давлат университети ректори, профессор
ЎзА