Миллий қадриятларимизга бағишланди
Бугун пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбонида” Тошкент Тиббиёт академияси томонидан ташкил этилган, миллий қадриятларимизга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда академиянинг ўқитувчи ва талабалари, меҳмонлар иштирок этишди. Мазкур олийгоҳ ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Ш. Боймуродов сўзга чиқиб, айни пайтда юртимизда миллий қадриятларимиз ривожига катта эътибор берилаётгани, бунинг сабаби қадриятларимиз ўзлигимизни англашга, кўнглимизда Ватанга, халққа нисбатан меҳр-муҳаббатимизнинг янада ошишига катта ёрдам беришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар қадриятларимиз тарихи, уларнинг мазмун-моҳияти, ўзига хослиги борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.


Шунингдек, маданий кечада таниқли шоирларнинг ҳиссиётга бой шеърлари, хонандаларнинг дилрабо қўшиқлари янгради.
Тадбир сўнгида эса Академия талабаларидан иборат “Наво-шифо” ансамбли ижросидаги ёшликка хос куй-қўшиқлар, жозибали рақслар, шеърий монологлар, миллий кийимлар ва таомлар кўргазмаси иштирокчиларга аъло кайфият, завқу шавқ бағишлади.



Туроб НИЁЗ, ЎзА