Миллий ўйинлар фестивали ўтказилди
Миллатнинг ўзлиги унинг ибратли қадриятлари ва анъаналари, ўз қиёфаси билан бардавом. Тошкент шаҳридаги «Наврўз» истироҳат боғида миллий ўйинлар фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Аёл маърифати» ҳаракати ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбир миллий қадриятлар, анъаналар ва ўзбек халқ ўйинларининг бетакрор намойишига айланди.
Фестивалда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ушбу фестиваль фарзандларимиз руҳиятига миллий ғурурни, минг йиллик давлатчилик тарихига эга Ўзбекистонимизнинг ҳарб қудрати, халқимизнинг ҳар қандай вазиятда ҳам инсоний қарорлар қабул қилиш, енгилмаслик ва дунёни миллий ўйинлар руҳида тинчликка илҳомлантириш мақсадида ташкил этилганини эътироф этди.
[gallery-29651]
Фольклоршунос олимларнинг фикрича, неча асрлик тарихга эга Алпомиш достонида Алп ўғлонларимизнинг мардлиги, Барчин қизларимизнинг ҳаёси, нуронийларимизнинг ҳикмати, оила қуриш, давлат бунёд этиш, халқнинг дарди билан яшаш фалсафаси мужассам бўлгани каби миллий ўйинларимизда ҳам юксак инсоний фазилатларни тарбияловчи омил бор.
Фестиваль давомида иштирокчи жамоалар ўзбек халқининг бой маданий меросини акс эттирувчи миллий ўйинларни намойиш этди. Асрлар оша сайқалланиб келган «Оқсоқ бўри ва қўйлар», «Бўри, эчки ва унинг болалари», «Лайлак келди», «Қиз ва қушлар», «Дурра отар», «Таёқ тепди», «Ошқовоқ узди», «Чавандозлар» ва «Қармоқча» каби ўнлаб анъанавий ўйинлар ёш авлод иштирокида жонлантирилди. Ҳар бир ўйин нафақат жисмоний чаққонлик, балки диққат, тезкор фикрлаш, мардлик ва ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашга хизмат қилди.
Фестиваль доирасида Тўмарис, Барчин ва Алпомиш каби халқимизнинг мардлик ва жасорат тимсоли бўлган образлар жонлантирилди. Шунингдек, ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий таомлар намойиши, этник кийимлар ва мода намойиши, миллий оҳанглар ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг концерт дастурлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Дорбозлар, қўғирчоқ ўйнатувчилар, бахшилар, фольклор жамоалари ва ёш рассомларнинг иштироки тадбирга ўзгача миллий руҳ бағишлади.
Тадбирнинг бош мақсади аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида ўзбек халқ миллий ўйинларини тарғиб этиш, уларни кундалик ҳаётда қўллашга ундаш ва келгуси авлодларга соф кўринишда етказишдан иборат бўлди. Тадбир орқали миллий ва умуминсоний қадриятларни улуғлаш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муҳим ҳисса қўшилди.
Фестиваль халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини, миллий ўйинларнинг тарбиявий ва маънавий қудратини намоён этган кўнгилли байрамга айланди. Бундай тадбирлар миллий ўзликни англаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ёш авлодни соғлом ҳамда баркамол этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари