Миллий отчилик анъаналари ҳақида халқаро анжуман
Тошкент вилояти мезбонлик қилган “Шарқ марвариди – 2026” халқаро от пойгаси мусобақаси доирасида “Ахалтеке тулпори — халқлар дўстлиги рамзи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбир туркий халқларнинг бой маданий мероси, миллий отчилик анъаналари ҳамда ахалтеки зотли отларининг тарихи ва жаҳон цивилизациясидаги ўрнини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг соҳа мутасаддилари, олимлар, отчилик соҳаси вакиллари, спорт ташкилотлари раҳбарлари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди. Тадбирда Ахалтеке отларининг ноёб хусусиятлари, уларнинг спорт ва маданиятдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А. Икромов очиб, спорт ва миллий қадриятларни уйғун ҳолда ривожлантириш, маданий дипломатияни кучайтириш ҳамда халқаро алоқаларни кенгайтириш борасида бундай тадбирларнинг аҳамиятига тўхталди. Шунингдек, Туркманистоннинг “Туркмен атларй” давлат бирлашмаси бош директори А. Бердиев сўзга чиқиб, Ахалтеке тулпорларининг халқлар тарихи ва маданиятидаги ўрни, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш масалалари ҳақида маъруза қилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан илмий маърузалар, амалий таклифлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Конференция дўстона ва амалий руҳда ўтиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ва спорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА