Миллий мусиқа анъаналари ва ёш истеъдодлар камолоти
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ ташкил этилган “Ғижжак сеҳри” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, анъанавий ижрочилик мактабини асраб-авайлаш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур танлов иқтидорли созандаларни бир саҳнага жамлади.
Миллий санъатнинг қудрати шундаки, у халқнинг тарихи, маънавияти ва қалб кечинмаларини оҳанглар орқали авлоддан авлодга етказади. Ғижжак эса ўзбек мумтоз мусиқасида алоҳида ўрин тутувчи, нозик ва таъсирчан садолари билан тингловчи қалбига йўл топадиган миллий чолғулардан биридир. Шу боис ушбу санъат турини ривожлантириш нафақат ижрочилик маҳоратини ошириш, балки миллий ўзлик ва маданий мерос узвийлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Танловда иштирокчилар ғижжак чолғусида ижро этиш маҳоратини намойиш этиб, ўзбек халқ куйлари, мумтоз мусиқа ва мақом санъатининг сара намуналарини ижро этдилар. Ижроларда миллий оҳангларга меҳр, устоз-шогирд анъаналарига садоқат ва санъатга бўлган юксак эҳтиром намоён бўлди. Ҳар бир чиқиш ёш созандаларнинг нафақат техник маҳорати, балки мусиқий асар мазмунини ҳис этиш ва уни тингловчига етказиш қобилиятини ҳам кўрсатди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, таниқли созанда ва бастакор Абдуҳошим Исмоилов иштирок этди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, ижодкор ёшларнинг қобилиятини юзага чиқаришга қаратилган танлов ва кўрик-танловларнинг ташкил этилиши ёш авлоднинг маънавий камолоти учун янги имкониятлар яратмоқда. Бундай майдонлар ёш ижрочиларга ўз маҳоратини намойиш этиш, тажрибали санъаткорлардан ўрганиш ва келгусида профессионал ижрочи сифатида шаклланиш учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, миллий чолғу ижрочилигида устозлардан мерос бўлиб келаётган анъаналарни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш, ёшларнинг мумтоз мусиқага қизиқишини ошириш ва иқтидорли созандаларни мунтазам қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Зеро, миллий санъатнинг эртанги тақдири бугун уни қанчалик асраб-авайлашимиз, ўрганишимиз ва ёшларга етказишимизга боғлиқ.

Танлов якунида иштирокчиларнинг ижролари ва маҳорат даражаси баҳоланиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
“Ғижжак сеҳри” каби танловлар миллий мусиқа меросини кенг тарғиб этиш, ёш истеъдодларни кашф қилиш ва анъанавий ижрочилик мактабининг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, улар ёш авлод қалбида миллий санъатга муҳаббат уйғотиб, асрлар давомида шаклланган маънавий бойлигимизни келажак авлодларга етказишга замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири