Миллий мониторинг ўтказилади
Унда бир неча йилдан буён пахта йиғим-терими мавсумида ўтказиб келинаётган Миллий мониторингнинг аҳамияти юқори бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчиларга қулай шароит яратилишини назорат қилиш, болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказишга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда бир неча йилдан буён пахта йиғим-терими мавсумида ўтказиб келинаётган Миллий мониторингнинг аҳамияти юқори бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев мониторинг жараёнлари хусусида атрофлича маълумот берди. Унга кўра, ўтказиладиган ушбу тадбирлар жорий йилнинг 25 сентябридан 31 октябригача давом этади. Бу йилги Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Шунингдек, бу жараёнларда АҚШ, Европа давлатлари ва бир қатор халқаро касаба уюшмалари марказлари вакилларининг иштирок этиши ҳам кутилмоқда.
– Миллий мониторинг ўтказишдан мақсад пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун яратилган шароитларни баҳолаш, – деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг бўлим мудири Маҳмуджон Исаев. – Бу жараёнда 18 ёшга тўлмаган шахслар, талабалар, бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилади. Аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилади. Бунинг учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, уларга барча зарурий ташкилий-техник кўмак кўрсатиб борилади.
Хусусан, ҳар бир ҳудудда биттадан доимий енгил автомашина, замонавий компьютер билан жиҳозланган хона ажратилади. Ўрганиш жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда далолатнома тузилиб, айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун меҳнат инспекциясига юборилади.
Брифингда мутахассислар ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас. Ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса раҳбари ходимларни пахта йиғим-теримига юбориш тўғрисида буйруқ чиқармайди. Меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш тақиқланади. Терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари ҳар беш кунда, теримчилар хоҳишига кўра, зарурат туғилганда ҳар куни тўланиши лозим.
Бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни, умуман, фуқароларни пахта йиғим-терими ишларига мажбуран жалб қилиш ёки бундай ишларни бошқалар бажаргани учун пул йиғиш ҳолатлари рўй берганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки касаба уюшмаларининг 10-92 рақамли “ишонч телефони“га хабар берилиши мумкин. Шунингдек, мажбурий меҳнат қалтисликларини келтириб чиқарувчи бошқа аломатлар, яъни фуқаронинг заифлигини суиистеъмол қилиш, алдов, ҳужжатларни олиб қўйиш, иш ҳақини тўламаслик, хавфли меҳнат шароитларида ишлатиш, иш вақти меъёрларига риоя қилмаслик каби ҳолатларда қонуний чоралар кўрилади.