Миллий медиа соҳасидаги муҳим ҳужжат
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатини Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров очиб бериб, оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга бўлган эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келгани, кейинги йилларда миллий журналистика соҳасида рўй берган катта ўзгариш ва янгиланишлар хусусида сўз юритди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов шу пайтгача қабул қилинган ҳужжатлар орасида Президентнинг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қамровининг кенглиги, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга аниқ ва амалий ечим топилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат миллий матбуотни ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш борасида янги имкониятлар очиб бериши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоялашни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини равнақ топтиришда дастуриламал ҳужжат бўлиши шубҳасиз.

Ушбу қарорга мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов совриндорлари: бош миллий мукофот учун – автомобиль, биринчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари; иккинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари; учинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари; 12 та рағбатлантирувчи номинация ҳар бири учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
2023-2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилиши ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслар ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Журналистларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси журналистлар ва давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келган низоларнинг судгача ҳал этилишига кўмаклашади. Журналистларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли жиноят ишлари бўйича иш юритишда уларнинг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида қонунда белгиланган тартибда иштирок этади.
Давра суҳбатида миллий медиа соҳасининг вакиллари қарорнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумотлар бердилар. Мазкур қарор ижроси ва бугунги кунда медиа соҳага оид долзарб саволларга тадбир ташкилотчилари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА