Миллий маданий мерос ва рақамли тараққиёт уйғунлиги
Бугунги глобаллашув даврида мамлакатлар тараққиёти аввало, илм-фан ва интеллектуал салоҳият билан ўлчанмоқда. Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илм-фан устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Ушбу сиёсатнинг асосий таянчи — “Ўзбекистонда илм-фанни 2030-йилгача ривожлантириш концепсияси” бўлиб, у ўлканинг билимга асосланган иқтисодиётга ўтиш йўлини белгилайди.
Концепциянинг асосий мақсади – замонавий илмий инфратузилмани шакллантириш, илмий изланишлар самарадорлигини ошириш ҳамда илм-фан натижаларини иқтисодиёт билан узвий боғлашдан иборат. Шу йўналишда илмий муассасаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, грант тизимини кенгайтириш ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш асосий вазифалар сифатида кўзда тутилган.
Ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 27 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-390-сонли Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, давлатимиз раҳбари томонидан Фанлар академиясини илмий фаолиятни мувофиқлаштирувчи бош илмий марказ сифатида қайта ташкил этиш, академия институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, устувор илмий йўналишлар бўйича махсус илмий дастурлар жорий қилиш, академик кадрлар тайёрлаш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш тизимини кучайтиришга доир бир қатор илм-фан олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар кун тартибига қўйилди.
Ушбу қарорда назарда тутилган илмий сиёсат технологик ривожланиш билан чекланиб қолмай, Ўзбекистоннинг бой моддий ва маънавий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб этишни ҳам қамраб олмоқда. Хусусан, мазкур ҳужжатда бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларнинг ичида тўққизинчи устувор вазифа “Миллий тарих ва жамият - археологик объектлар ва маданий ландшафтларни тадқиқ қилиш, жамият тафаккурини ривожлантиришга қаратилган фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросининг илмий тарғиботини кучайтириш” ўз мазмун-моҳиятига кўра, Ўзбекистон илмий сиёсатининг энг фундаментал ва стратегик йўналишларидан бирини ифодалайди.

Бу вазифа орқали давлат илм-фанни миллат тарихий хотирасини асраш, жамият тафаккурини шакллантириш ва маданий меросни барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида кўраётгани яққол намоён бўлади. Мазкур устувор вазифа доирасида аввало, миллий тарих ва жамиятни чуқур илмий асосда ўрганиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Бу фақат тарихий воқеаларни қайд этиш эмас, балки Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, давлатлар, ижтимоий муносабатлар ва маданий анъаналарни комплекс, тизимли ва фанлараро ёндашув асосида таҳлил қилишни англатади. Айниқса, археологик объектлар ва маданий ландшафтларни тадқиқ этиш вазифаси тарихий билимларни реал, моддий манбалар орқали бойитиб, миллий ўзликни англаш жараёнини илмий жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мазкур вазифа жамият тафаккурини ривожлантиришга қаратилган фанлараро фундаментал тадқиқотларни кенгайтиришни кўзда тутади. Бу тарих, фалсафа, социология, маданиятшунослик, археология, этнология каби фанларнинг ўзаро интеграциясини кучайтириб, жамият ривожининг чуқур қонуниятларини илмий асосда очиб беришга хизмат қилади. Бундай ёндашув замонавий илм-фаннинг энг муҳим тенденцияларидан бири бўлиб, илмий тафаккур сифатини тубдан оширади.
Мазкур устувор вазифанинг яна бир муҳим жиҳати – Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросининг илмий тарғиботини кучайтириш масаласидир. Бу орқали миллий мерос нафақат сақланади, балки илмий муомалага кенг киритилади, халқаро академик майдонда Ўзбекистоннинг цивилизацион ўрни ва тарихий мероси ҳақида пухта илмий тасаввур шакллантирилади.
Қайд этиш керакки, ушбу устувор вазифа қарорнинг илмий аҳамиятини белгиловчи асосий таянч йўналишлардан бири бўлиб, илм-фанни миллий ўзликни англаш, жамият тафаккурини юксалтириш ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи кучли интеллектуал институт сифатида ривожлантиришга йўналтирилганини яққол кўрсатади.
Мазкур қарорда келтирилган ўнинчи устувор вазифа “Маънавий мерос ва рақамли қўлёзмалар – тарихий қўлёзмалар, архивлар ва коллекцияларни тадқиқ этиш ва рақамлаштириш, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда тил, адабиёт ва санъатнинг рақамли ресурсларини яратиш, рақамли билимлар базасини кенгайтириш” моҳиятан тўққизинчи устувор вазифанинг давоми бўлса-да, унда назарда тутилган комплекс чора-тадбирлар бир томондан, мамлакатнинг бой тарихий-маънавий меросини сақлаш ва илмий муомалага киритишни назарда тутса, иккинчи томондан эса, замонавий илмий тадқиқотлар талабларига мос рақамли илмий инфратузилмани шакллантиришни кўзда тутади.
Аввало, тарихий қўлёзмалар, архив ҳужжатлари ва нодир коллекцияларни тизимли равишда тадқиқ этиш ва рақамлаштириш орқали миллий илмий манбалар базаси тубдан кенгаяди. Бу жараён манбашунослик, тарих, филология, маданиятшунослик, санъатшунослик каби фанларнинг методологик имкониятларини сезиларли даражада бойитади, чунки илмий изланишлар учун бирламчи манбаларга тезкор ва ишончли кириш имконияти яратилади.
Иккинчидан, тил, адабиёт ва санъат соҳаларига оид маълумотларнинг рақамли ресурсларини яратиш илмий изланишларни янги форматга олиб чиқади. Электрон корпуслар, рақамли каталоглар, мультимедия базалари, интерактив платформалар орқали илмий ахборот айланиши тезлашади, фанлараро тадқиқотлар учун янги методологик имкониятлар вужудга келади. Натижада анъанавий илмий тадқиқотлар рақамли гуманитар фанлар тамойиллари асосида ривожлана бошлайди.
Учинчидан, миллий рақамли билимлар базасини кенгайтириш нафақат илмий ҳамжамият учун, балки таълим тизими, маданият соҳаси ва кенг жамоатчилик учун ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Бу эса илмий билимларнинг оммалашуви, ёш авлоднинг миллий маданий меросга қизиқиши ва илмий тафаккурининг ривожланишига хизмат қилади.
Шу жиҳатдан, мазкур устувор вазифа қарорнинг илмий аҳамиятини яққол намоён этади: у илм-фан ва маданиятни уйғунлаштирган, тарихий меросни замонавий технологиялар билан боғлаган, миллий илмий мактабнинг барқарор ривожини таъминловчи комплекс стратегик моделни таклиф этади. Ушбу қарор орқали Ўзбекистон илм-фани нафақат инновацион тараққиёт йўлига чиқмоқда, балки ўзининг кўп асрлик илмий-маънавий меросини асраб-авайлаган ҳолда, уни глобал илмий маконга олиб чиқиш имкониятига эга бўлмоқда.
Диёримизда буюк алломалар илмий меросини ўрганиш, асраш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар тизимли йўлга қўйилгани кўпчиликка маълум. Хусусан, ушбу йўналишдаги фаолият илмий жамоатчилик кун тартибига илк бор 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан қўйилди. Мазкур ҳужжат республикамизда илмий меросни асраш ва оммалаштиришнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаб берди.
Бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил 16 апрелда қабул қилинган ПҚ-4680-сонли “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этди. Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилиб, шарқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш ҳамда университет ҳузурида Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш белгиланди.
Мазкур марказ фаолияти орқали шарқ халқларининг маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий ва фалсафий манбаларни комплекс ва чуқур ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон илмий жамоатчилигига кенг тарғиб этиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бугунги кунда ушбу вазифалар ижроси доирасида марказда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимизнинг илмий мероси мунтазам равишда ўрганилмоқда, уларнинг асарлари турли илмий лойиҳалар, нашрлар ва халқаро конференциялар орқали илмий жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Шунингдек, марказ ҳузурида моддий ва номоддий маданий меросни тадқиқ этиш, шарқ қўлёзмаларини сақлаш, ўрганиш ва рақамлаштиришга қаратилган бир қатор йирик илмий лойиҳалар амалга оширилаётгани мамлакатимизда илмий меросни асраш ва тарғиб этиш борасидаги тизимли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Бекзоджон Зокиров,
ТДШУ ҳузуридаги Шарқ маданияти ва меросини
тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази директори