Миллий кутубхонада Озарбайжон адабий бурчаги очилди
Ўзбекистонда «Озарбайжон маданияти кунлари» доирасида Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Озарбайжон адабий бурчагининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Aвазхон Тожихонов, Озарбайжон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Фарид Жаъфаров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева иштирок этди.

Шу кунларда мамлакатимизда Озарбайжон маданияти кунлари тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Мазкур ўзига хос дўстлик байрами дастури бир-биридан қизиқарли ва муҳим йўналишларни қамраб олгани билан эътиборлидир.
Ушбу ижодий лойиҳа Озарбайжон маданияти ва санъати, адабиёти, миллий анъана ва қадриятлари билан янада кенгроқ танишиш учун қулай имкониятдир.

Aйтиш керакки, қардош халқларимиз бир-бири билан азалдан борди-келди қилиб, маданиятини бойитган. Қолаверса, бизнинг динимиз бир, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва тилимиз ўхшаш. Халқларимиз бир-бирини таржимонсиз тушуна олади.
«Озарбайжон адабий бурчаги» қардош халқнинг миллий адабиёти билан атрофлича танишиш имкониятини беради.
Н.Усмонова, ЎзА