Миллий адабиётимизнинг икки қаноти
—
“Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва
ноёб илмий-маънавий мероси биз учун
доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга
айланиши керак...”
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўтмишдан маълумки, ўзбек диёридан дунё илму-маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб бобокалонларимиз етишиб чиққан. Улар қолдирган бой меросларда руҳий-ахлоқий тарбия, миллий ва маънавий қадриятлар жамулжамлиги, ушбу неъматларнинг асрлар оша турли синов, хуружлардан омон ўтиб келаётгани кишини қувонтиради. Ва айни пайтда оғриқли бир савол кўнгилнинг бир четида ғимирлаб тураверади: “Биз ана шундай улуғ зотларга муносиб издош, ворис бўла олаяпмизми?..
Ҳар йил февралнинг дастлабки 15 кунида қайноқ меҳр билан икки байрамни нишонлаймиз. Бу байрамларнинг бири 9 февралда туркий халқларнинг фахри – “шамсу-л-миллат”и, жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг ҳассос шеърлари, буюк “Хамса”си билан бойитган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳамда 14 февраль – туркий адабиётнинг яна бир забардаст вакили, чин маънодаги сўз заргари, “Бобурнома”дек маҳобатли асар муаллифи, Алишер Навоийни устозим, деб улуғлаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун...
Навоий ва Бобур ижоди туркий адабиётнинг энг ёрқин саҳифаларини ташкил қилади. Бу икки буюк ижодкор 42 йил фарқи билан бир-бирига замондош бўлган. Мумтоз адабиётимиз тарихида бу икки улуғ сиймо ижодини ўрганиш орқали чинакам инсон ҳаёти қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарлича тасаввурга эга бўламиз. Аслида, бу икки зот ижоди ўзга-ўзга олам, аммо уларни бирлаштириб тургувчи нозик нуқта бор, бу – туркий тилда шеър, сўз айта олиш, турий тил нафосатини кўз-кўз қилиш санъати...
Боболаримизнинг бетакрор асарларини ўқиб, улар ижоди сокин оқаётган дарё тубидаги қудратли ғалаён каби битмас-туганмас тафуккур уммонидан терилган маъно дурларидек бебаҳо хазина эканлигини ҳис этасиз. Улар ёзиб қолдирган асарлар кўнгилларга шу қадар яқинки, худди ўртада беш юз йиллик масофа йўқдек, бугун ёзилгандек актуал.
Алишер Навоий ва Бобур ижодини таҳлил, тадқиқ қилган олимлар улар илгари сурган ғоялар нафақат ўзбек халқининг, балки жаҳон халқлари учун ҳам улкан илмий-маданий бойлик эканлигини таъкидлашади.
Ҳа, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурсиз ўзбек адабиёти қанчалар ғариб, ночор бўлиб қоларди. Уларнинг жонбахш ижоди, бетакрор ғазалиёти, мағрур сиймолари саҳро бағридаги улкан чўққидек кўнгилларни ҳайратга кўмиб тураверади.
Алишер Навоийнинг чуқур инсонпарвар ғоялар ила йўғрилган ижоди руҳиятимизга қувват берса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърларидаги исён, шахсиятидаги қатъийлик қалбларимиздаги ватанга бўлган муҳаббат учқунларини алангалатиб юборади.
Табиийки, бу икки зот ҳақидаги аниқ маълумотларни қаердан топиш мумкин, деган савол пайдо бўлади. Олимлар: “Улар ҳақида сўзлагувчи манба, бу ижодкорларнинг асарлари” дея жавоб беришади.
Шу маънода Алишер Навоий ҳақида илк маълумот берувчи манба бу шубҳасиз улуғ бобомизнинг асарлари. Буюк шоир ўз таржимаи ҳолини махсус ёзиб қолдирмаган бўлса-да, деярли барча ёзишмалари, ғазалларида унинг шахсияти, ижодий ва ижтимоий фаолиятини илғаш, кўриш мумкин. Ҳазрат Навоий нафақат шоир, балки ўз халқи ва миллати тақдирига бефарқ бўлмаган зот ҳам эди. Асарларида жамият билан боғлиқ чек-чегарасиз орзу-умидларини ифодалаган. Жамият ҳаётини юксалтириш, тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялаш каби ўзининг сўнгги армонларини васият қилиб қолдирган.
Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намоёндаси, миллатимизнинг ғурури, шон-шарафини дунёга тараннум қилган зот.
Ғурбатда ғариб, шодумон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу, меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикандай ошиён бўлмас эмиш.
Она тилимизга муҳаббат, унинг қанчалик қадрлилигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало улуғ бобомиз Навоий асарлари билан кириб келади. Ўз ижодий меросида 26 мингдан ортиқ сўз бойлигидан фойдаланган бобомиз мана олти асрдан ошибдики, асарларидаги чуқур маъно-моҳиятнинг кенг кўламлиги ва назмий меросидаги фасоҳат денгизининг бепоёнлиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади.
Алишер Навоийнинг туркий халқлар маънавияти хазинасига қўшган ҳиссаси беқиёс. У зот яратган шоҳ асарлари инсоният рухий-маънавий дунёси намояндалари Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Данте, Вильям Шекспир, Лев Толстойлар ижод намуналари билан бир сафда туради. Баъзи ўринларда Алишер Навоий асарларидаги юксак ғоялар ифодаси “классик” дея эътироф этилган Ғарб адиблариникидан устунроқ эканлигига гувоҳ бўламиз.
Алишер Навоий туркий тил имкониятларини дунёга тараннум этибгина қолмай, балки бошқа тиллардан ҳам унумли фойдаланган. Аммо ҳеч бир сўз устаси туркий тил ва адабиёт равнақи учун унингдек хизмат қилолган эмас. Навоийдек жаҳоний зот “Хитойдан то Хуросон”гача ёйилган туркий қавмларни “якқалам” қилди ва шу билан бирга миллатнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий равнақига буюк таъсир кўрсатди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ғойибона Навоийни ўзига устоз билиб, у билан учрашишни орзу қилган. Мактублари орқали ўзининг дастлабки шеърий машқларини Навоийга жўнатиб турган. 1500 йилда Самарқандда пайтида Навоийдан мактуб олгани ҳақида “Бобурнома”да хабар беради. Шубҳасиз, Мирзо Бобур ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймодир.
Тақдир тақазоси билан тоғдек юкни зиммасига олган бобомизнинг ҳаёт йўли ҳавас ва хатарларга тўла кечган бўлишига қарамай, ўзини, ўзлигини, иймонини бус-бутун сақлаб қолиши чин маънода авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолажак.
Қисмат унинг пешонасига, ўз таъбири билан айтганда, “тож-тахт миннати” ва шоирликни битган эди. Бобурнинг нияти, қалб кечинмалари ўз асарларида шундай бўртиб турадики, кўнглидаги мураккаб изтиробларига ижод орқали таскин топа олгани каби ғамгин сатрларида соҳир туйғуларини ҳам ёрқин ифодалай олар эди. Унинг битиклари содда, равон ва айни пайтда қиличнинг дамидек, кескин.
Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,
Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.
Неткаймен ул рафиқ билаким, қилур басе –
Меҳру вафо рақибға, жавру жафо манга.
Шоҳ Бобурнинг ўз устида муттасил ишлаши, юксак мантиқий таҳлили, энциклопедик билим соҳиби сифатида яшиндек тез хулоса чиқара билиши, моҳирона разведка хизматидан фойдаланиш қобилияти, тактик жиҳатдан пишиқ шахс эканлиги минглаб лашкарларини ва ўз сатнатанини асрашида ҳамда жанг майдонларида ғалаба қозонишида ёрдам берган.
Бобур Мирзонинг ҳинд заминида салтанат ҳукмдори сифатида амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари беҳисоб. У яратган ўлмас маданий ёдгорликлар ҳанузгача жаҳон халқларининг бебаҳо маданий мерослари сифатида эътироф этилади.
Навоий туркий тил асосида бетакрор боғ яратиб, дунё аҳлини ҳайратга солган бўлса, Бобур шу туркий назм гулшанидаги бепоён боғни чин маънода бўстонга айлантирди. Навоий яратган жами 34 асарнинг ҳар бири ҳақида юзлаб тадқиқотлар қилинган, Бобур ҳақида дунё олимлари турли жанрда 12 мингдан зиёд катта-кичик асарлар ёзган. Аслини олганда, боболаримиз айтган икки байт шеър ҳам бир тадқиқот объекти бўла олади. Шу боис улар ижодига қизиқиш асло сўнмайди.
Келгусида бу икки буюк ижодкор бобомизнинг ҳаёти ва ижоди борасида мукаммал асарлар яратилиши, халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишнинг энг замонавий усул ва воситалари ишлаб чиқилиши, бунда интернет тизимидан, ижтимоий тармоқлардан ўринли фойдаланиш лозим деб ҳисоблайман.
Асарларида, сатрларида ватанни қандай севиш мумкинлигини Ҳазрат Алишер Навоий ҳам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бизга мерос ўлароқ қолдириб кетди. Уларнинг ҳаёти қаерда кечмасин – мусофирчиликдами, сафардами... ўз сўзлари ва меҳри билан қалбларида Ватан ярата олган беназир зотлардир. Улар босиб ўтган йўл чин маънода ибрат ва абадият йўлидир...
Мадина Зуфарова,
“RENAISSANCE” университети
талабаси,
ЎзА