Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик - юртимиз тараққиётининг муҳим омили
Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда бугун 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқ ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Пойтахтдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита қошидаги Миллий маданий марказлар павильонида Бошқирд жамоат маданий-маркази томонидан «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида тадбир ўтказилди.
Мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг миллати, ирқи ва тилидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги кафолатланган.
Бу тамойиллар таълим тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида дарслар ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда.
[gallery-31165]
Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатини тизимли мувофиқлаштириш мақсадида махсус давлат органи — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита самарали фаолият юритаяпти.Қўмита турли миллат вакилларининг маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Айни пайтда республикада қарийб 150 та миллий маданий марказ эркин фаолият юритмоқда. Улар ўз миллий қадриятлари, анъаналари, байрамлари ва санъатини кенг тарғиб этиш, этник маданиятларнинг ўзига хослигини асраш, шунингдек, «Дўстлик», «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиорлари остида ўтказилаётган маданий тадбир ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Айтиш керакки, Бошқирд жамоат маданий-маркази мамлакатимиздаги турли бадиий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда. Мустақиллик байрамига бағишланган концерт дастури ҳам ана шундай тадбирлардан биридир.
Бугунги ислоҳотлар жараёнида миллий маданий марказлар жамиятда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлараро тотувликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, ёшларда бошқа халқлар маданиятига ҳурмат туйғусини шакллантириш, турли миллат вакилларининг ўз она тилини ўрганиши ва ундан эркин фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида уларнинг ҳиссаси салмоқли.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги тажрибаси халқаро майдонда ҳам кенг тарғиб этилмоқда. Зеро, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим гаровидир.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА