Миллатлараро тотувлик энг катта бойлигимиз
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишлаб ўтказилган учрашувни катта қизиқиш билан кузатдим. Унда давлатимиз раҳбари одатдагидек, мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги, барқарорлиги, халқимизнинг аҳиллиги билан боғлиқ жуда долзарб масалаларга тўхталди. “Бизнинг энг катта бойлигимиз – Ўзбекистонни ўзи учун ягона Ватан деб биладиган кўпмиллатли буюк халқимиздир”, – деди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, жонажон юртимизда қарор топган миллатлараро дўстлик ва аҳилликни, бебаҳо хазинани кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг олий бурчимиздир. Чунки аҳиллик, тотувлик бор жойда барака бўлади, унум бўлади. Ноаҳил муҳит ҳукмрон сураётган заминларда қон дарё бўлиб оқаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу сабабдан юртимизда тинчлик ва барқарорликни асраш ва мустаҳкамлаш бундан кейин ҳам давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолаверади. Мамлакатимизда эл-юртимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш учун “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла”, “хавфсиз кўча” концепцияларининг жадал амалга оширилаётгани ҳам бежиз эмас, деб ўйлайман. Бу фуқаролараро тотувлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қимоқда.
Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилади. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.
Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисмидир.
“Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга доир қатор вазифалар белгиланди. Унда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қайд этилди. Унинг асосида миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси изчил амалга оширилади.
Турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти юксалтирилади. Бундан ташқари, хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилади. Шунингдек, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади туради. Фуқаролар манфаатларини фақатгина тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин. Бугун дунё зиддиятлар, қарама-қаршиликлар билан боғлиқ инқирозларга дуч келган бир шароитда кўплаб минтақаларда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятлар кучаяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис, бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун бирдамликни сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда аҳолининг кўп миллатли бўлишига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг қулай омили сифатида қаралмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.
Янгиланган Конституцияда турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш алоҳида эътиборга олинган. Мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий тамойиллари сирасига фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилиш киради. Конституциявий кафолатлар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларга жамоат ва давлат қурилишида иштирок этишни таъминлайди.
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилди. Ушбу модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади.
Шу маънода, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатда ушбу соҳаларда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилди. Мазкур тизимнинг муваффақияти эса юртимизда тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун замин яратмоқда. Зеро, замонавий давлатнинг бош мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Бу борада Асосий қонунимиз – Конституциянинг янги таҳрири нафақат жамият ва давлат тараққиётини белгиловчи олий даражадаги сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлди, балки мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш тарзини кафолатловчи муҳим асос вазифасини ўтайди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин энг катта бойлик, энг юксак қадрият – жамиятда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Зеро, бугунги даврда ҳаётнинг ўзи турли миллат, эътиқод ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган шароитдагина умумий хонадонимиз бўлган Ватанимиз ва жамиятимиз, ҳар биримизнинг оила-рўзғоримиз, фарзандларимиз келажагини таъминлашга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Тошпўлат Матибаев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар
Кенгаши раиси ўринбосари,
социология фанлари доктори, профессор