Миллатлараро дўстлик янада мустаҳкамланади
Андижонда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам сайловларда фаол иштирок этиб, ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан тўла фойдаланмоқда.
Сайловлар хусусида Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Обиджон Носировнинг фикрлари билан ўртоқлашдик.
– Мен ўзим истиқомат қиладиган Жалақудуқ туманидаги 26- умумтаълим мактабида ташкил этилган 461-сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган номзодлар учун овоз бердим. Юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишида бўлиб ўтаётган сайловлар муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда мен Ўзбекистонда яшаётган қирғиз миллати вакили сифатида юртимизда турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим.
Мен Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Чунки шу юртда туғилдим, ўсдим, оилам тинч, фарзанд ва набираларим бахтли яшамоқда, фаолиятимда салмоқли натижаларга эришдим. Бутун дунё ҳавас қилса арзийдиган тинч-осойишта юртимизда эмин-эркин яшашимиз, меҳнат қилишимиз, миллатимизнинг анъана ва урф-одатларини давом эттиришимиз учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, биргина вилоятимизда бугунги кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат педагогика институти филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 80 нафардан ортиқ қирғиз ёшлари таҳсил олмоқда. Туман “Жалақудуқ ҳаёти” газетасида қирғиз тилида саҳифа чоп этилиши йўлга қўйилган.
Ишонаманки, бугунги сайловларда мен овоз берган номзодлар Ўзбекистон тараққиётини юксалтириш, юртимизда миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари