Миллатлараро дўстлик янада мустаҳкамланади
Ўзбекистон корейс миллий маданий марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси қошида маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган янги бино фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон корейс миллий маданий марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси қошида маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган янги бино фойдаланишга топширилди.
Вилоят ҳокими қарорига асосан Андижон шаҳрининг “Баркамол” маҳалласида жойлашган бўлинма ёнидаги бўш турган ер майдонида қад ростлаган замонавий бино ҳашар йўли билан қурилди.
– Бу ерда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади, – дейди Ўзбекистон корейс миллий маданий марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Вячеслав Ким. – Айниқса, бу ерда ёшлар турли тиллар, хусусан, корейс тилини ўрганиш бўйича сабоқ олиши мумкин.
Янги бино қурилишига кўпчилик баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Айниқса, бунда марказ фаоллари, фахрийларининг алоҳида хизматлари бор.
Бугун Андижон вилоятида 3 минг нафарга яқин корейс миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Улар барча юртдошларимиз қатори мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Янги бино очилишига бағишланган тадбирда турли миллат вакиллари, қўшни Фарғона, Наманган вилоятларидан келган меҳмонлар, корейс диаспорси вакиллари иштирок этди. Андижонда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элатлар миллий анъаналарини ривожлантириш, миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга юқори баҳо берилди.


