Миллатга муносиб фарзандлар тарбиялайлик
Жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва маънавий баркамол бўлиб вояга етиши муҳим саналади. Бунда аждодлар мероси, маънавий қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шу боис бугун юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Зеро, Президентимиз 2023 йил 22 декабрь куни Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида таъкидлаганидек:
“Биз Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби буюк аждодларимиз ҳақида, деб кўп гапирамиз. Аммо болаларимиз уларнинг қайси асарини ўқий олади? Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи деймиз, лекин уларнинг болалик даврини ким билади?”.
Айтиш жоизки, номлари зикр этилган улуғ аждодларимизнинг илм-фан соҳасидаги буюк кашфиётлари ва инсоният тафаккури ривожига қўшган улкан ҳиссаси умумжаҳон миқёсида эътироф этилган. Шундай экан, ана шундай қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда уларга муносиб фарзандларни тарбиялаш ишларини жадал олиб боришимиз лозим. Ҳар қайси халқнинг қадрият ва анъаналари унинг маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шу боис давлатимиз раҳбари ўз маърузасида миллий ғоя хусусида шундай дейди:
“Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқишимиз лозим. Бу жараёнда янги таҳрирдаги Конституциямиз талаблари ҳисобга олиниши зарур”.
Дарҳақиқат, миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Табиийки, биз яратаётган янги ғоя эзгулик, одамийлик ғояси бўлади. У ўз навбатида, халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий қадриятлари ва анъаналарига таянади.
Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамасдан, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварларнинг улкан хизматларини, бу йўлда ҳақиқий ватанпарвар, юртпарвар, миллатпарвар сифатида из қолдирган зиёли инсонларнинг номларини эл-юртимиз доимо ҳурмат билан эслайди.
Бинобарин, миллатпарвар боболаримизнинг эзгу мақсади - миллий ўзликни англаш ғоясини илгари суриб, халқимизни дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириш, шу тариқа, тараққиёт йўлига тушиб олишдан иборат эди. Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди.
Шу ўринда айтиш жоизки, улуғ маърифатпарвар Ибрат домланинг „Миллатни ким ислоҳ этар, уламо ғайрат этганда миллат албатта ислоҳ топур“ деган ҳикматли сўзлари замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, мутафаккирларимизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ўз ифодасини топган.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратишни кун тартибига қўймоқда. Президентимиз “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши адолатдан бўлишини таъкидлади. Шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.
Бу каби эътибор ва эътирофлар мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга, унинг республика ва халқаро миқёсдаги нуфузини тубдан оширишга, ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга, юртимиздаги миллат ва элатларнинг давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Бахтиёр Абдушукуров,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили
ва адабиёти университети Ўзбек филологияси
факультети декани, филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА