МИБ ходимлари ёрдамида яна битта оила яраштирилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман бўлими ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ажрашиш арафасида турган яна битта оила яраштирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг жорий йил 4 ноябрь кунги суд буйруғига асосан И.Б.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун қарздор И.А.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ушбу суд буйруғи бўйича Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилган ва бу ҳақида қарздор яшайдиган “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини раисига хабар берилган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан маҳалла раиси билан биргаликда ажрашган оилани яраштириш мақсадида тушунтириш ишлари олиб боришган. Натижада тарафлар Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлимига келиб, ҳозирги кунда бирга яшаётганлигини билдирган ва алимент ундириш ҳақидаги суд қарори ижросини тугатишни сўраб илтимоснома беришган.
Энг муҳими, уларнинг икки нафар фарзанди тўлақонли оилавий муҳитда вояга етадиган бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири