МИБ ходимлари ёрдамида битта оила яраштирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2026 йил 3 июль кунги суд буйруғига асосан Р.С.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор С.Н.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди.
Ушбу суд буйруғи Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим давлат ижрочиси томонидан жорий йил 8 июль куни ижро иши қўзғатилди ва бу ҳақида ундирувчи яшайдиган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини раисига хабар берилган.
Бўлим давлат ижрочиси маҳалла раиси билан биргаликда ажрашган оилани яраштириш мақсадида қарздор ва ундирувчига тушунтириш ишлари олиб боришди. Натижада, тарафлар Бюронинг Хўжайли туман бўлимига 18 август куни келиб, ҳозирги кунда бирга яшаётганлигини билдирди ва алимент ундириш ҳақидаги суд қарори ижросини тугатишни сўраб илтимоснома берди.
Эндиликда вояга етмаган фарзандлар тўлақонли оилавий муҳитда тарбияланадиган бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири