МИБ Сурхондарёдаги маҳаллаларда аҳоли дардини тингламоқда
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Д.Бобохонов вилоятдаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Бевосита аҳолининг яшаш ҳудудига бориб, мурожаатларини маҳалланинг ўзида тинглаш муаммоларни ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этиш ва халқ билан яқин мулоқотни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бу сафарги сайёр қабул Шўрчи ва Жарқўрғон туманларидаги маҳаллаларда ўтказилди. Шўрчи туманидаги Дўстлик маҳалласи биносида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда 15 нафар фуқаронинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ мурожаатлари эшитилди. Мурожаатчилар ноқонуний қурилмаларни бузиш, сотиб олинган мулкни расмийлаштириш, алимент қарздорлигини ундириш ва бошқа масалаларни ўртага ташлади. Ҳар бир мурожаат масъул ходимлар иштирокида атрофлича ўрганилиб, уларни қонун доирасида қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.


Жарқўрғон туманидаги Янги Ўзбекистон маҳалласида ташкил этилган сайёр қабулда 20 нафар фуқаро ўзларини қийнаётган масалалар бўйича мурожаат этди. Жумладан, Собит Тўраев мурожаати ўрганилганида солиқ органлари унга ноқонуний жарима қўллагани ва уни суд бекор қилгани маълум бўлди. Шу муносабат билан унинг пенсиясидан асоссиз ундирилган қарийб 4 миллион сўм маблағни зудлик билан қайтариш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди. Салима Ҳайдарованинг алимент ундириш билан боғлиқ мурожаати МИБнинг Наманган вилоятига тегишли экани аниқланиб, мурожаатни тегишли тартибда юбориш чораси кўрилди.


Шу куни Янги Ўзбекистон маҳалласидаги қабулда уч нафар фуқаронинг мурожаати жойида ўз ечимини топди. Вақт талаб этадиган мурожаатларга аниқ муддат белгиланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ берилди.
Очиқ мулоқотларда асосий мурожаатлар алимент масаласига тўғри келгани сабабли давлат ижрочиларининг масъулиятини янада ошириш, ҳар бир ижро ишини қонун доирасида тўлиқ ва сифатли таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири