МИБ: қонун устуворлиги энг муҳим вазифа
МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари давлат ижрочилари жорий йилнинг 9 ойида иш юритувида бўлган 3 триллион 966 миллиард 300 миллион сўмлик 216 минг 274 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб бориб, 2 триллион 697 миллиард 400 миллион сўмлик 132 минг 468 та ижро ҳужжати ижросини якунлади.
– Фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлган алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ 28 минг 154 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 5 минг 709 та ҳужжат иш юритувдан тамомланди – дейди МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Қобилжон Турсунов. – Алимент ундирувига доир ижро ҳужжатлари ижросига янгича ёндашув тамойиллари асосида амалга оширилаётган тадбирлар натижасига кўра, 9 ойда 53 миллиард сўмдан зиёд алимент пуллари ундирувчилар номига очилган банк пластик карталари орқали тўланиши таъминланди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига қарийб 112 миллиард сўм, жумладан, 53 миллиард сўм пластик карталарга алимент пуллари ундирилди. Алимент олувчиларга олдиндан тўлов сифатида бола 18 ёшга тўлгунча бўлган давр учун 1 миллиард 469 миллион 300 минг сўмлик пул ва мулклар, хусусан 380 миллион сўмлик 3 та уй-жой, 846 миллион сўм нақд пул, 243 миллион сўмлик 44 та бошқа мулклар берилиши таъминланди.
Вилоятда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 1 минг 546 та оила яраштирилиб, ишсиз алимент қарздорларининг бандлигини таъминлаш учун ҳудудларда 15 та меҳнат ярмаркаси ўтказилди. 1 минг 365 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилди. Мажбурий ижро бюроси ҳузурида ташкил этилган “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 12 нафар алимент олувчи фойдасига 149 миллион 300 минг сўм маблағ тўланиши таъминланди.
Шу даврда узоқ муддатдан буён алимент тўловларини тўламасдан келаётган қарздорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиб, фарзандининг моддий таъминоти учун маблағ тўлашдан бўйин товлаган 612 нафар қарздорга МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий чора қўлланилди.
Йилнинг 9 ойи учун тасдиқланган режа-график асосида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мазкур жамғармаларга улуш ажратилиши белгиланган тоифадаги амалда ижроси таъминланган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган 23 миллиард 100 миллион сўм мутаносиб равишда махсус дафтарлар жамғармаларига йўналтирилиши таъминланди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган уй жойлари, иморатлар, ишлаб чиқариш иморатлари ҳамда бошқа иншоотлар учун компенсация пули ундирувига доир ҳужжатлар ижроси доирасида 34 миллиард сўмлик 229 та иш юритувда бўлган ҳужжатлардан 30 миллиард сўмлик 185 тасининг ижроси тамомланди. 4 миллиард 900 миллион сўмлик 44 та ҳужжат ижроси бўйича тегишли ишлар вилоят ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида давом эттирилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири