Мехикода коррида ўйини тақиқланиши мумкин
Мехико Конгресси қошидаги ҳайвонларни ҳимоя қилиш комиссияси пойтахтда коррида ўйинини тақиқлаш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда АЗЕРТАДЖ ахборот агентлиги.
Хабарда айтилишича, мазкур масалада бўлиб ўтган мажлисда комиссиянинг тўққиз нафар депутатидан фақат беш нафари иштирок этган. Уларнинг тўрт нафари Коррида ўйинларини тақиқлаш учун овоз берган.
Агар ушбу ташаббус амалга оширилса, у ҳолда 12 декабрь куни Монументаль Пласа-де-Торос Мексико ўйингоҳида бўлиб ўтадиган корридалар шоуси тарихдаги энг сўнгги томоша бўлиб қолиши мумкин.
Коррида ўйинларини тақиқлашни ёқлаётганларнинг таъкидлашича, ушбу шоу ҳўкизларни қийнаш, уларга озор етказишга ва шафқатсизларча муносабатда бўлишга асосланган. Қолаверса, ушбу томошалар ҳайвонлар ҳуқуқларига ҳурматсизлик белгисидир.
Ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ислоҳоти бундай томошаларни ташкил этганларга 230 минг доллар атрофида жарима солишни кўзда тутади.
Монументаль Пласа-де-Торос Мексико дунёдаги энг йирик арена ҳисобланади. У 41 мингдан зиёд томошабинни ўз бағрига олади.
Коррида ўйинларидан олинадиган йиллик даромад эса 329 миллион долларни ташкил этади ва унга тегишли бўлган иш ўринлари билан 226 минг киши банд ҳисобланади.
Мексика пойтахтида корридага барҳам бериш учун учинчи бор уриниб кўрилмоқда. Сонора, Герреро ва Коауила штатларида бундай ўйинларга аллақачон тақиқ амал қилмоқда. Тласкала, Агуаскальентесе, Идальго, Керетаро, Сакатекасе, Мичоакане ва Гуанахуато штатларида эса коррида маданий қадрият сифатида эълон қилинган.