Меваси аччиқ, бироқ даромади ширин”
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Бу юртимизнинг келажаги порлоқлигидан, интеллект ва бунёдкорликда забардастлигидан далолат беради. Шунинг учун ёшлар қатлами билан ишлашда ўзига хос услублардан фойдаланиш зарур. Уларни иш билан таъминлаш, муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш эса энг муҳим вазифалардан биридир. Қувонарлиси, бу борада юртимизда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ёшлар сиёсати масаласи доимо эътиборда.
Фарғона вилояти Бағдод туманида ёшлар бандлигини таъминлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан оталиққа олинган ёшлар билан ишлашда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турли спорт мусобақалари, уюшмаган ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва концертлар мунтазам ташкил этилмоқда. Муҳими, ишсиз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мисол учун, туман сектор раҳбарлари иштирокида ёшлар муаммолари ечимига қаратилган, уларнинг мурожаатларига ижобий ечим топиш мақсадида “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилмоқда. Унда туман ёшлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва мурожаатлар ўрганилади, сўроқ остидаги масалалар юзасидан масъуллар иштирокида ечимлар таклиф этилади. Шундай тадбирларда хорижда ишлаётган ёшлар билан видеомулоқот ҳам ташкил этилаётгани эътиборга молик. Шу ўринда масъулларнинг саъй-ҳаракати фақат қоғозларда қолиб кетади, “хўжа кўрсин” йиғилишлар ўтказилади, амалий чора-тадбирлар кўрилмайди, дейишга шошилманг.
Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида Юксалиш маҳалласидаги оталиққа олинган ёшлар учун “Бойчипор” фермер хўжалиги ерларидан 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Орадан уч ой вақт ўтиб, бу ерлардан дастлабки ҳосил олина бошланди.

– Туманимизда қалампир етиштириш азалдан урф бўлган. Ота-онам ҳам томорқага, ғалладан бўшаган ерларга қалампир экиб даромад топишади. Шунинг учун ажратилган ерга қалампир экдик. Ҳосил чўғи яхши, – дейди Рўзали Абдуллаев. – Маҳалладошларим билан бирга хорижга бориб ишлаб ҳам кўрдим. Лекин ўз юртингда меҳнат қилиш, ота-онанг ёнида бўлишдан ортиқ бахт йўқ экан.
Рўзали каби хориждан қайтганлар, шунингдек, “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларига киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари берилган имкониятдан унумли фойдаланди. Ўзлари учун ажратилган ерларга “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида қалампир экди. Чунки деҳқончилик қилиш, экинни парваришлаб мўл ҳосил олиш бир томон-у, уни сотиш бир томонлигини улар яхши билишади.

– Оталиққа олинган 17 нафар ёшлар учун 30 йил муддатга имтиёзли равишда ана шундай ҳосилдор ерлар ажратиб берилди. Натижада уларнинг доимий бандлиги таъминланиб, меҳнатга яраша даромад олишларига имконият яратилди, – дейди “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Жасур Шермуҳаммадов. – Ёш деҳқонлар ва “Бирдамлик Муслима” оилавий корхонаси ўртасида етиштирилган қалампир ҳосилини бозор нархида сотиб олиш бўйича шартнома тузилди. Бугунги кунда қалампирни ҳўлича 4 минг сўмдан, қуритилганини 30 минг сўмдан сотиб оляпти.

Далада меҳнат қилаётган ёшлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, пишиб етилган қалампир офтобда қуритилса, ҳар беш килосидан бир кило “қалампир қоқи” тушади. Муҳими, ҳўлига ҳам, қуруғига ҳам харидор тайёр.
– Йигирма сотих ердан 5 тоннагача қалампир ҳосили олиш мумкин. Агар қуритилса, бу бир тонна қоқи дегани. Қалампир кеч кузгача ҳосил беради. Фақат астойдил меҳнат қилишимиз керак, ерни алдамаслик керак. Шундай имконият яратиб берилганидан мамнунмиз, – дейди яна бир ёшлар вакили Зиёдахон Усмонова. – Турмуш ўртоғим билан бирга ерга меҳр бердик, мана, кўриб турибсиз ҳосилнинг чўғи яхши. Қалампир шундай экинки, ўзи аччиқ бўлгани билан даромади, натижаси ширин. Худо хоҳласа топган даромадимизга тўйлар қиламиз.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири