Метрополитенда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Тошкент шаҳри аҳоли сони бўйича Марказий Осиёдаги йирик шаҳарлардан бири саналади.
Аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўтган асрнинг 70-йилларида пойтахтимизда метро қурилди. Биринчи йўналиш Чилонзор линияси бўлиб, у пойтахтнинг йирик туманини шаҳар маркази билан боғлаган. Aҳолининг ўсиши билан бир вақтда янги метро йўналишларига ҳам талаб ошди.
Бугунги кунда Тошкент метрополитенида аҳолига кенг қулайликлар яратиш, йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 16 октябр куни “Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт вазирлиги тизимига ўтказилиб, “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонасига ўзгартирилди.
“Тошкент метрополитени” ДУК бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади. Корхона 2024 йил 1 январгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва тегишли рўйхат бўйича импорт товарларни олиб киришда божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади.
2022 йил 1 июлгача 7 та метро бекатида (Беруний, Чорсу, Пахтакор, Олмазор, Туркистон, Қўйлиқ бозори, Чилонзор) транспорт ўтиш боғламалари ҳамда 2022 йил 1 октябрга қадар Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати (Туркистон, Юнусобод, Чилонзор ва ер усти ҳалқа линиясининг 3, 4 ва 5-бекати) атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади.
2022 йил 1 январдан метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар), бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари), поездлар ҳаракати жадвали ва электрон тўлов каби маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобиль илова ишга туширилади.
2022 йил 1 апрелгача ер усти ҳалқа метро бекати йўналишида йўловчилар учун бепул WI-FI тизими билан боғлаш ва ер ости метро бекатларида мобиль алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.
Шунингдек, 2021–2023 йилларда Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА