Метрополитен – пойтахтимиз гавҳари...
Дунё таниган файласуфларнинг фикрича, курраи заминни маданият асраб туради. Бундан бир юз эллик йил муқаддам америкалик таниқли рассомлар, санъатни қадрлаган тадбиркорлар, кўнгиллилар томонидан Нью-Йорк шаҳрида ажойиб иншоот қурилди. Манбаларда ёзишича, ушбу иншоот ташкилотчилари дунё халқлари санъати тарихи ва турмуш тарзини намоён этадиган йирик томошагоҳ очишни мақсад қилганлар. Бу манзилда сайёрамизнинг турли бурчакларида яратилган санъат дурдоналари ва тош давридан бугунги кунгача бўлган тарихий жараённи акс эттирувчи экспонатлар жамланган.
Уни ташкил этганлар қандай ном қўйиш бўйича узоқ мулоҳаза юритган. Ниҳоят шаҳар маркази – пойтахтга оид сўзлар бирикмасидан фойдаланиб, "Метрополитен музейи" деб аташга қарор қилган. Мазкур атама кейинчалик бутун дунёда ер ости темир йўлига нисбатан қўлланиладиган бўлди.
Метрополитен... Бугунги кунда дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида метрополитен хизматидан фойдаланишади. Тошкент метрополитени ҳам пойтахтимизнинг гавҳари, кўрки сифатида халқимиз ва хорижий сайёҳларнинг узоғини яқин қилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг яна бир кашфиёти сифатида иш бошлаган ер усти метроси ҳам қулайлиги, тезкорлиги, озодалиги, саришталиги билан кишиларни мафтун этмоқда. У гўёки ўзбекнинг шоҳи белбоғидек пойтахтимизни қучиб туради.
Инсон оиласини ва ўз касбини севса, эрталаб ишга, кечқурун уйга шошади. Касбимиз нуқтаи назаридан метрополитенда тинчликни асраш, осойишталикни сақлаш ишида кечаю кундуз зийрак турамиз. Метрополитен хизматидан бир кунда минглаб турли миллатли инсонлар фойдаланади. Метро бекатларидаги безакларда, танланган рангларда миллий колоритнинг уйғунлиги эса бунёдкор халқимиз томонидан яратилаётган бебаҳо бойликларни асрашга ундаб тургандек туюлади.
Беҳзодбек ИСЛОМБEКОВ,
Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш
бошқармаси ходими,
капитан