Метрология соҳасида ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Фарғонада миллий метрология институтлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтмоқда.
“Марказий Осиё мамлакатларида сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Германиядан халқаро экспертлар, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги Техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга мувофиқ (Берлин, 2001 йил 3 апрель) томонлар ўртасида битимлар тузилиши назарда тутилган. Жумладан, Германия Федерал физика-техник институти (РТВ) ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ўртасида “Марказий Осиё мамлакатларида сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Битим имзоланган. Унга кўра ўтган даврда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Битим доирасида метрология ва аккредитация соҳаларида алоҳида тор доиралардаги халқаро даражадаги экспертлар иштирокида семинарлар, тренинглар, малака ошириш курслари ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти Фарғона филиали раҳбари Музаффар Жумабоев. – Шу билан биргаликда соҳада фаолият юритувчи муассасаларга ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари, лабораторияларга кўрсатаётган хизматларни кенгайтиришда илғор халқаро амалиётни жорий этишда кўмаклашиш, халқаро стандартларни жорий этиш, ҳамда калибрлаш соҳасида халқаро экспертлар маслаҳатлари тақдим этилишини таъминлашни қамраб олади. Мазкур лойиҳа доирасида Марказий Осиё давлатларининг миллий метрология институтлари билан метрология соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш талаб этилади.
Ҳозирга қадар мазкур йўналишларда муайян ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида” ги қонунининг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва 10 та калибрлаш лабораториясини аккредитациядан ўтказиш бўйича амалий ёрдам олинди. Лабораторияни халқаро даражада аккредитациядан ўтказиш ҳамда Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюросининг (BIPM) CМC-сатрларни олиш мақсадида РТВнинг уч нафар техник эксперти жалб этилди. Тошкент шаҳрида “Сифат инфратузилмаси ва ишлаб чиқариш секторининг ҳамкорлиги” мавзусидаги халқаро семинар ўтказилди, тадбир доирасида масса, кичик ҳажм ва босим йўналишларида солиштиришлар амалга оширилди. Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида солиштиришларни ташкил этиш ва бошқариш масаласида техник семинари бўлиб ўтди.
[gallery-13940]
Тожикстандартнинг 4 нафар ходими Ўзбекистон миллий метрология институтида миллий эталонларни калибрлаш бўйича малака ошириш амалиётини ўташди ҳамда уларнинг масса ва ҳарорат катталикларини ўлчаш йўналишидаги 4 та эталонлари Ўзбекистон миллий метрология институтида калибрланди.
Ўзбекистон миллий метрология институти Фарғона филиалида ўтказилаётган минтақавий семинар ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов ва бошқалар метрология соҳасида халқаро ҳамкорликнинг самаралари ва ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритди.
Мазкур тадбир натижасида Марказий Осиё давлатларининг аккредитация органлари ва миллий метрология институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва илғор тажриба алмашиш орқали техник жиҳатдан тартибга солиш ҳамда метрология соҳаларидаги сўнгги ўзгаришлар билан яқиндан таништиришга имкон яратилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-kpqS1E5xgM" title="Метрология соҳасида ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган сурат, ЎзА